Ёш иқтидор эгалари учун маҳорат дарси ўтказилди
Гулистон туманидаги туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 2-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларнинг тасвирий санъатга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган маҳорат дарси ва кўргазма ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаби-интернати мутахассислик фани ўқитувчиси Ғанишер Норматов ҳамда унинг шогирдлари иштирокида ўтказилди. Маҳорат дарси давомида ўқувчиларга тасвирий санъатнинг асосий йўналишлари, ранглар уйғунлиги, бўёқлар билан ишлаш сирлари ҳамда бадиий тасаввурни ривожлантиришга оид амалий кўникмалар берилди.
Тадбирни очиб берган 2-мактаб директори Лола Каримова мазкур ташаббуснинг аҳамиятига тўхталиб, ташкилотчилар айнан шу таълим даргоҳининг собиқ битирувчилари эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бу каби учрашувлар ўқувчилар учун катта илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Маҳорат дарси доирасида ўқувчиларнинг ижодий ишлари намойиш этилган кўргазма ҳам ташкил этилди. Ёшлар томонидан яратилган асарлар уларнинг бадиий дунёси, тасаввури ва изланишларини намоён этди.
Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаби-интернати директори, миниатюрачи рассом Баҳодир Бобоназаровнинг таъкидлашича, бу каби маҳорат дарслари нафақат бир таълим муассасаси доирасида, балки вилоятнинг турли ҳудудларида ҳам мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда.
– Биз ҳар бир ҳудудга борганимизда болаларнинг кўзларидаги қизиқиш, ижодга бўлган интилишни кўрамиз. Бу эса бизнинг меҳнатимиз самараси ва келажакка бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди. Шу орқали биз нафақат санъатни ўргатамиз, балки ёшлар қалбида гўзалликни ҳис этиш маданиятини ҳам шакллантирамиз, – дейди Баҳодир Бобоназаров.
[gallery-29177]
Энг муҳими, бундай амалий машғулотлар ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, санъатга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда келажакда етук рассомлар авлодини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов(сурат), ЎзА