Энергетикада дуал таълим университетдан корхонага, назариядан амалиётга, билимдан касбий маҳоратга етаклайди
Президент топшириғи амалда
Президентимиз энергетика йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларига талабалар учун дуал таълим асосида амалиётларни тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур топшириқ энергетика соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизимида янги босқични бошлаб берди. Зеро, бугун энергетика соҳасида малакали, замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган, ишлаб чиқариш жараёнларини чуқур биладиган ва мустақил қарор қабул қила оладиган кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан янада яқинлаштириш, талабаларнинг назарий билимини бевосита амалиёт билан уйғунлаштиришни тақозо этмоқда. Чунки, бугунги иш берувчи фақат дипломга эга мутахассисни эмас, балки замонавий энергетика қурилмалари билан ишлашни биладиган, энергия тежамкор технологияларни амалиётда қўллай оладиган, ишлаб чиқариш жараёнларини таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларга ечим топиш қобилиятига эга кадрни талаб этмоқда.
Дуал таълимнинг асосий афзаллиги шундаки, талаба ўз мутахассислиги бўйича билимни аудиторияда эгаллаб, уни реал ишлаб чиқариш муҳитида синаб кўради. Бунда олий таълим муассасаси, талаба ва иш берувчи ўртасидаги ҳамкорлик янги мазмун касб этади. Талаба назарий билимни университетда, амалий кўникмаларни корхона ва ташкилотларда эгаллайди. Натижада талабанинг касбий компетенциялари шаклланади, ишлаб чиқариш муҳитига мослашуви тезлашади. Корхоналар учун тайёр ва малакали кадрлар захираси яратилади. Таълим дастурларининг мазмуни ишлаб чиқариш талаблари билан уйғунлашиб, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш имконияти кенгаяди. Энг муҳими, дуал таълимни бир марталик тадбир ёки амалиёт ўташ билан чеклаб қўймаслик керак. У аниқ мақсад, вазифа ва натижаларга йўналтирилган узлуксиз тизимга айланиши лозим.
Бу борада Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида энергетика соҳаси учун кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, дуал таълимни ташкил этишда асосий эътибор талабаларни энергетика корхоналари ва ташкилотларида бевосита иш жараёнига жалб этишга қаратилмоқда. Айниқса, талабаларнинг энергетика тизимидаги реал объектларда ишлашини таъминлаш, уларни замонавий энергетика технологиялари билан таништириш, энергия ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш жараёнларини бевосита ўрганиши учун зарур шароитлар яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида энергетика соҳасида фаолият юритаётган йирик корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилди. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Сурхондарё ҳудудий филиали, “Амударё–Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари бошқармаси, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти “Тўпаланг” ГЭС филиали ҳамда “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Сурхондарё магистрал электр тармоқлари филиали билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, “Энергетика” кафедраси филиалларини ташкил этиш, уларнинг туман бўлимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабаларни дуал таълим асосида қабул қилиш имкониятларини ўрганиш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда.
2026/2027 ўқув йилидан университетда энергетика йўналишининг 148 нафар талабасини дуал таълимга қамраб олиш режалаштирилган. Шундан 62 нафари 4-курс, 86 нафари 3-курс талабаларидир. Бунда талабаларни ҳудудлар бўйича тақсимлашда уларнинг яшаш манзили, корхоналарнинг жойлашуви ва ишлаб чиқариш имкониятлари инобатга олинмоқда.Зеро, дуал таълимни самарали ташкил этишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш муҳим аҳамият касб этади.
Сурхондарё вилоятида туманлар бир-биридан анча узоқ жойлашган. Масалан, Термиз–Сариосиё оралиғи 180 километр, Термиз–Бойсун оралиғи эса 120 километрни ташкил этади. Шу боис талабани исталган корхонага юбориш эмас, балки унинг доимий яшаш ҳудуди ва корхонанинг жойлашувини ҳисобга олган ҳолда бириктириш механизми ишлаб чиқилди. Бу ёндашувнинг ижтимоий аҳамияти катта. Талабанинг кунлик йўл харажатлари, овқатланиши ва вақтинча яшаши билан боғлиқ масалалар ҳисобга олинади. Имкон қадар талабани яшаш жойига яқин корхонага бириктириш орқали унинг дуал таълимда узлуксиз иштирок этиши, ортиқча вақт ва моддий харажатларни камайтириш кўзда тутилмоқда. Демак, дуал таълимни ташкил этишда нафақат таълимий, балки талабанинг ижтимоий шароити ҳам эътиборга олинмоқда.
Университетда бу йўналишда амалга оширилаётган муҳим лойиҳалардан бири энергия аудити бўйича кадрлар тайёрлаш ва амалий фаолиятни йўлга қўйишдир. Бугунги кунга қадар энергия аудити йўналишида университетнинг 35 нафар профессор-ўқитувчиси ва талабаси махсус ўқув курсларида иштирок этиб, тегишли сертификатга эга бўлди. Бу эса нафақат таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан боғлаш, балки ҳудудда энергия самарадорлигини оширишга қаратилган амалий лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳам муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги 63 та ташкилот билан энергия аудитини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик шартномаларининг имзолангани таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг амалий намунасидир. Бундай ҳамкорлик натижасида талабалар нафақат назарий билим олади, балки реал объектларда энергия истеъмолини таҳлил қилиш, энергия тежамкорлик имкониятларини аниқлаш, энергетик самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш кўникмаларига эга бўлади. Шу тариқа талабанинг амалий фаолияти нафақат унинг касбий салоҳиятини оширади, балки ҳудудда энергия самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Дуал таълимда корхоналар иштирокининг алоҳида ўрни бор. Боиси замонавий энергетика соҳасидаги билим ва кўникмаларни фақат аудитория ёки лабораторияда тўлиқ шакллантириш андак мураккаб масала. Талаба электр станциялари, подстанциялар, электр тармоқлари, энергия ишлаб чиқариш ва тақсимлаш объектларидаги ҳақиқий иш жараёнини кўриши, мутахассислар билан бирга ишлаши ва технологик жараёнларни бевосита кузатиши зарур. Шу боис университет томонидан энергетика соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, талабалар амалиётини аниқ иш ўринлари ва ишлаб чиқариш вазифалари билан боғлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда ҳар бир талабанинг амалиёт даврида бажарган ишлари, эгаллаган кўникмалари ва касбий компетенциялари электрон шаклда қайд этиб борилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Замонавий дуал таълимни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун талабаларнинг амалиётга бориши, амалиёт раҳбарлари, бажарилган ишлар, эгалланган кўникмалар ва якуний натижаларни рақамли мониторинг қилиш тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Бу орқали олий таълим муассасаси ҳар бир талабанинг амалиётдаги фаолиятини кузатиб бориши, корхона эса унинг касбий тайёргарлигига баҳо бериши мумкин бўлади. Айниқса, кунлик вазифаларни электрон шаклда бериш, талабанинг бажарган ишлари бўйича ҳисоботларни қабул қилиш ва унинг фаолиятини мунтазам баҳолаб бориш дуал таълимнинг шаффофлигини таъминлайди. Бундай рақамли мониторинг тизими дуал таълимни қоғоздаги ҳисоботдан реал натижага йўналтирилган таълим моделига айлантириш имконини беради.
Бугун энергетика соҳаси жадал ўзгармоқда. Қуёш ва шамол энергетикаси, энергия сақлаш тизимлари, “ақлли” электр тармоқлари, рақамли бошқарув, энергия аудити ва энергия самарадорлиги каби янги йўналишлар мутахассислардан мутлақо янги компетенцияларни талаб этмоқда. Шунинг учун олий таълим муассасалари олдидаги вазифа фақат мавжуд ўқув дастурларини амалга ошириш эмас, балки энергетика соҳасининг эртанги эҳтиёжларини олдиндан кўра билиш ва шунга мос кадрлар тайёрлашдан иборат. Шунга мувофиқ олий таълим муассасамизда энергетика соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришни бирлаштирган муҳитни шакллантириш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди. Бу жараёнда профессор-ўқитувчиларнинг ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлиги, талабаларнинг реал лойиҳаларда иштироки, энергия аудити бўйича амалий тадқиқотлар олиб бориши ва корхоналарнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини ўрганиши муҳим ўрин тутади.
Дуал таълимни жорий этишда энг муҳим мезон талабанинг қаерга бориб амалиёт ўтагани эмас, балки амалиёт натижасида нимани ўргангани ва қандай касбий кўникмага эга бўлганидир. Шу нуқтаи назардан, энергетика йўналишида таҳсил олаётган ҳар бир талаба учун индивидуал амалий траекторияни белгилаш, уни муайян корхона ёки ташкилотга бириктириш, корхонадаги тажрибали мутахассисни устоз сифатида белгилаш ва унинг касбий ўсишини мунтазам баҳолаб бориш лозим. Бундай ёндашув талабанинг масъулиятини оширади, корхонанинг таълим жараёнидаги иштирокини кучайтиради ва университетнинг амалий тайёргарлик сифати устидан назоратини таъминлайди. Зотан, бугун университетда таҳсил олаётган талаба — эртага энергетика тизимининг муҳандиси, технологи, раҳбари ва соҳанинг илмий салоҳиятини белгилаб берувчи мутахассисдир. Шунинг учун дуал таълимга оддий амалиёт сифатида эмас, балки рақобатбардош кадр тайёрлашнинг стратегик механизми сифатида қараш керак.
Давлатимиз раҳбари томонидан берилган мазкур топшириқни тизимли ва самарали амалга ошириш орқали олий таълим муассасалари нафақат энергетика соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлайди, балки таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг янги моделини ҳам шакллантиради. Университетимизда бу борадаги ёндашувнинг асосий мақсади талабани шунчаки амалиётга юбориш эмас, балки уни реал ишлаб чиқариш муҳитида касбга тайёрлашдир. Шу маънода, дуал таълимга шунчаки амалиёт, деб эмас – университетдан корхонага, назариядан амалиётга, билимдан касбий маҳоратга олиб борадиган узлуксиз тизим сифатида қаралмоқда.
Расул Тўраев,
Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар
университети ректори.
ЎзА