Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “узлуксиз транзит” механизми жорий этилади
13 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида халқаро автомобиль ташувлари бўйича Аралаш комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ҳамда Қозоғистон транспорт вазири ўринбосари Максат Калиакпаров раҳбарлигида ўтказилди.
Унда икки давлат ўртасида халқаро автомобиль ташувларини янада ривожлантириш, юк ва йўловчи ташувлари ҳажмини ошириш, рухсатнома бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар халқаро автомобиль ташувлари билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш ва рақамлаштириш, маъмурий тўсиқларни қисқартириш ҳамда электрон ҳужжат айланишига босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи “узлуксиз транзит” механизмини жорий этиш бўйича Ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди.
Шунингдек, автомобиль транспортида мунтазам бўлмаган халқаро йўловчи ташувлари учун рухсатнома электрон бланкалари тизимини 2027 йилдан бошлаб жорий этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Музокараларда автомобиль транспорти инфратузилмасини ривожлантириш ва транспорт назорати самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунида томонлар транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди. Эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тегишли чораларни кўришга келишиб олинди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА