Замонавий мода ва этно-элементлар уйғунлиги
“Атлас байрами” фестивали доирасида “Maru” бренди асосчиси ва фешн-дизайнер Марҳамат Умарова бошчилигида этно-дизайн бўйича амалий машғулот ўтказилмоқда.
Глобаллашув ва маданий интеграция жадал тус олган бугунги даврда миллий ўзликни англаш ва маданий меросни асраб-авайлаш санъат ва дизайн оламининг энг долзарб вазифаларидан бирига айланди. Этно-дизайн шунчаки ўтмиш элементларини такрорлаш эмас, балки асрий анъаналар, нақшлар ва рамзларни замонавий эстетика ҳамда технологиялар билан уйғунлаштириш санъатидир.

Ушбу маҳорат дарси миллий матолар ва анъанавий нақшларни замонавий кийим-кечак дизайнига татбиқ этиш ҳамда халқаро бозорга мос бренд яратиш сирларига бағишланди.
Амалий машғулотнинг асосий йўналишлари этно-дизайн концепти бўлиб, анъанавий Марғилон шойи ва атлас-адрас матоларини замонавий бичим ва силуэтлар билан интеграция қилиш орқали намойиш этилди.

Машғулотлар давомида иштирокчиларга бренд ва коллекция яратиш, ғоядан тайёр фешн-тўпламгача бўлган босқичлар ҳам ўргатилди.
Шунингдек, иштирокчилар билан биргаликда эскизлар чизиш ва мато комбинацияларини танлаш йўналишлари кўрсатилди.

– Этно-дизайн бу шунчаки ўтмишни нусхалаш эмас, балки бой миллий меросимизни замонавий мода тили билан дунёга кўрсатишдир, – деди Марҳамат Умарова. – Ҳар бир нақш ортида бир тарих, ҳар бир ранг замирида муайян фалсафа яширин. Бугунги кунда инсоният бир хилликдан чарчаб, яна ўз илдизларига — табиийлик ва миллийликка қайтмоқда. Замонавий мода подиумларидан тортиб, энг нуфузли интерьер кўргазмаларигача «этно» услуби етакчи трендга айланиб улгурди.
Гулноза Бобоева,ЎзА