Ўзбекистон ва Қозоғистон ижтимоий ҳимоя соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Мамлакатимизда кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкил этиш тизими яратилган, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерали Туғжанов билан учрашди. Мулоқотда икки мамлакатнинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш, тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонда оилага йўналтирилган ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш, инсонни оиласи ва жамиятдан ажратмаган ҳолда қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маҳалланинг ижтимоий ҳимоядаги ўрни ҳақида маълумот берилди.
Томонлар ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба алмашиш, экспертлар учрашувлари ва ўзаро ташрифларни йўлга қўйиш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Учрашув якунида икки мамлакатнинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш ва уни тизимли йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА