Яккасарой туманига Жанубий Корея инвестициялари жалб этилади
Ўзбекистондаги очиқлик сиёсати самараси ўлароқ, пойтахт туманларидан бири хорижий сармояларни жалб этишда янги марраларни забт этмоқда. Жанубий Кореядаги музокаралар якунида муҳим келишувларга эришилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда юритилаётган очиқлик ва шаффофликка таянган сиёсат натижасида Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг эътибор марказида бўлиб келмоқда. Қолаверса, тўсиқсиз ўрнатилаётган халқаро алоқалар бошқарув тизимининг тубдан такомиллашувини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ана шундай имкониятнинг самараси ўлароқ, Яккасарой туманида ҳам инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, хорижий сармояларни жалб этиш ва йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида халқаро ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда.
Айни кунларда Яккасарой тумани ҳокимининг ўринбосари – Инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи Беҳруз Мустафоев хизмат сафари билан Жанубий Корея Республикасида бўлиб турибди.
Хизмат сафари доирасида Кореянинг “Соманг Глобал” компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. Учрашувда Яккасарой туманида амалга ошириш кўзда тутилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, уларга қўшимча хорижий инвесторларни жалб этиш ҳамда лойиҳаларни қисқа муддатларда ҳаётга татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Қувонарлиси, музокаралар давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда илгари суриш ва уларнинг амалий ижросини жадаллаштириш бўйича муҳим келишувларга эришди.
Учрашув якунида “Соманг Глобал” компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзолангани эса ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат.
Шербек Исломов, ЎзА