Ўзбекистон ва Хорватия стандартлаштириш йўналишида янги ҳамкорлик саҳифасини очмоқда
Париж шаҳрида ўтказилаётган Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ИСО) Бош Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Хорватия стандартлар институти (HZN) вакиллари ўртасида муҳим икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур мулоқот икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган амалий қадам бўлди.
Учрашув давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди. Хусусан, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш ва бу орқали ўзаро маҳсулот айланмаси ҳажмини ошириш, стандартлаштириш соҳасида илғор тажриба алмашиш, соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ҳамда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, икки томонлама истиқболли лойиҳа ва йўналишларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Хорватия ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш ҳамда стандартлаштириш соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни изчил ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА