Ўзбекистон ва Хитой техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Бу йўналишда стандартлаштириш, сертификатлаштириш, метрология ва автомобилсозлик соҳасидаги техник синов тизимларини халқаро талаблар асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида Хитой Халқ Республикасининг Автомобиль технологиялари ва тадқиқотлари маркази (CATARC) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, соҳада илғор тажрибаларни жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш ва сертификатлаштириш, метрология, лаборатория синовлари ҳамда автомобилсозлик саноати учун техник синовлар тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ушбу йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш ва халқаро амалиётларни кенг жорий этиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Шунингдек, Хитой делегацияси Тошкент вилоятининг Пискент туманида жойлашган, автомобилларни техник синовдан ўтказишга ихтисослаштирилган махсус мажмуа фаолияти билан яқиндан танишиш учун таклиф этилди. Бу ташриф замонавий синов инфратузилмаси имкониятларини намойиш этиш, амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда янги қўшма ташаббусларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион ечимлар ва илғор технологияларни жорий этиш, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Учрашув конструктив ва дўстона руҳда ўтиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим қадам бўлди. Бу ҳамкорлик мамлакатимизда маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, автомобилсозлик саноатида халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА