Ўзбекистон ва Хитой чўлланишга қарши кураш бўйича стратегик ҳамкорликни кенгайтирди
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги делегацияси Хитойнинг Инчуан шаҳрида бўлиб ўтаётган “Чўлланишга қарши курашиш йўналишида Хитой – Марказий Осиё ҳамкорлиги” халқаро конференциясида иштирок этди.
Форум доирасида хитойлик ҳамкорлар билан икки муҳим келишувга эришилди.
Биринчи ҳамкорлик битими Агентлик директори Эркин Муҳиддинов ҳамда Хитойнинг Нинхуа ўрмон хўжалиги ва яйловлар бошқармаси бошлиғи Ву Сяруй томонидан имзоланди. Ҳужжат минтақага кўкаламзорлаштириш даражасини ошириш мақсадида ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш, замонавий кўчатхоналар ва оналик плантацияларини ташкил этиш, барқарор ўрмон хўжалиги ва “яшил” саноатни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади. Бундан ташқари, томонлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, тупроқ шўрланишининг олдини олиш ҳамда экотизимларни босқичма-босқич мустаҳкамлаш масалаларида ҳамкорлик қилади.
Учрашув давомида қўшма лойиҳаларни тизимли равишда амалга ошириш, соҳа мутахассисларини жалб этиш ва молиялаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иккинчи ҳамкорлик битими Хитойнинг “Yinchuan Wolsenn Modern Irrigation Co., Ltd” компанияси директорлар кенгаши раиси Чен Лин ўртасида имзоланди. Унга кўра, Хитой томони Ўзбекистонга сувни тежовчи суғориш технологияларини (фертигациялаш тизимини) етказиб беради ва маҳаллий мутахассисларни ушбу технологиялар билан ишлаш бўйича мунтазам ўқитиб боради. Замонавий хитой технологияларининг жорий этилиши мамлакатимизда янги ўрмон массивларини яратиш ва чўлланишга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини сезиларли даражада ошириши билан муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, фертигациялаш — бу суғориш суви ва ўсимликлар учун зарур бўлган минерал ўғитларни ягона тизим орқали бевосита илдиз қисмига бир вақтнинг ўзида етказиб бериш жараёнидир. Ушбу замонавий агротехнология, одатда, томчилатиб суғориш тизимлари билан биргаликда қўлланилади. Натижада озуқа моддалари тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етказилади, ўғит сарфи 20-50 фоизга қисқаради, ўғитлаш ва суғориш жараёнлари эса ягона технологик цикл доирасида автоматлаштирилади, бу эса меҳнат сарфини сезиларли камайтиради.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўтган 2025 йил давомида Агентлик томонидан хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда қатор самарали лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, республикадаги Арнасой, Кармана, Муборак, Қоракўл ва Нукус туманларида галофит ўсимликлар кўчатхоналари ташкил этилди. Хитойдан Ўзбекистонга 1,4 минг тонна галофит уруғлари олиб келинди. Ҳозирда улардан кўчатлар етиштириш ишлари бошлаб юборилган.
Бундан ташқари, жорий йилдан бошлаб Агентлик ва Хитойнинг “Sinoway Forest” компанияси ҳамкорлигидаги “Углерод ташламаларини ютувчи ўрмон хўжалигини ривожлантириш ва экотизимларни тиклаш” лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилоятида 5 минг гектар майдонда писта плантациялари барпо этилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА