Нитратлар назорати - саломатлик кафолати
Ёз фасли гарчанд пишиқчилик фасли саналса-да, мева ва полиз маҳсулотлари истеъмолида эътиборли бўлишимиз талаб этилади.
Ёз келиши билан аҳоли орасида тарвуз ва қовун истеъмоли сезиларли даражада ортади. Шу билан бирга, ушбу полиз маҳсулотларида нитратлар миқдори ва уларнинг инсон саломатлигига таъсири ҳақидаги саволлар ҳам кўпайиши табиий. Мутахассислар таъкидлашича, нитратлар ўсимликлар ўсиши учун зарур бўлган табиий бирикмалар ҳисобланади. Бироқ уларнинг маҳсулот таркибида меъёрдан ортиқ тўпланиши инсон саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин.
Санитария қоидаларига мувофиқ, тарвузларда нитратларнинг рухсат этилган миқдори 60 мг/кг, қовунларда эса 90 мг/кг этиб белгиланган. Ушбу кўрсаткичлар SanQvaN 0366-19 талабларида акс эттирилган. Нитратларнинг юқори миқдори маҳсулотнинг ташқи кўриниши ёки таъми орқали ҳар доим ҳам аниқланавермайди. Оддий таъм билиш рецепторлари орқали нитратлар бор-йўқлигини билиш қийин. Айрим ҳолларда ортиқча азотли ўғитлар таъсирида етиштирилган маҳсулотлар сувсимон, таъми паст ёки ўзига хос металл таъмли бўлиши мумкин.
Нитратлар инсон организмига тушгач, нитритларга айланиши мумкин. Бу эса қондаги гемоглобиннинг кислород ташиш қобилиятини пасайтиради ва организмда кислород етишмовчилигини келтириб чиқаради. Шунингдек, кўнгил айниши, бош оғриғи, ҳолсизлик каби белгилар кузатилиши мумкин. Мутахассислар айрим ҳолатларда нитратлардан ҳосил бўладиган нитрозаминлар онкологик хавф омилларидан бири ҳисобланишини ҳам таъкидлайди. Нитратлар миқдорини аниқлаш махсус лабораторияларда амалга оширилиб, бунда ионометрия, спектрофотометрия ва хроматография каби юқори аниқликка эга усуллар қўлланилади.
Шу билан бирга, истеъмолчилар ихтисослашган нитрат-тестерлар ёки экотестерлар ёрдамида маҳсулотлардаги нитрат миқдорини тахминий баҳолашлари мумкин. Тарвуз ва қовун танлашда бир қатор муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш тавсия этилади. Тарвузнинг пўстлоғи бутун, банд қисми қуруқ бўлиши, ерда ётган қисмидаги доғ тўқ сариқ тусда бўлиши мақсадга мувофиқ. Пишган тарвуз чертилганда бўғиқ ва чуқур овоз чиқаради. Қовун эса ўзига хос хушбўй ҳид таратиши, пўстлоғи қаттиқ ва ташқи кўриниши шикастланмаган бўлиши лозим. Мутахассислар маҳсулотларни фақат расмий савдо нуқталари ва деҳқон бозорларидан харид қилишни тавсия этади. Кесилган тарвуз ва қовунларни сотиб олишдан сақланиш, маҳсулотнинг лаборатория текширувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлар билан қизиқиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Харид қилинган маҳсулотларни истеъмол қилишдан аввал оқар сувда яхшилаб ювиш, кесиш учун ишлатиладиган анжомларнинг тозалигига риоя қилиш зарур. Шунингдек, полиз маҳсулотларини меъёрдан ортиқ истеъмол қилмаслик, айниқса болаларнинг уларни катталар назорати остида истеъмол қилиши мақсадга мувофиқ.
Мутахассислар маълумотига кўра, жорий мавсумда тарвуз ва қовунларда нитратлар миқдорининг белгиланган меъёрдан ошган ҳолатлари аниқланмаган. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида бозорлар ва савдо нуқталарида профилактик тадбирлар мунтазам ўтказилиб, сотувчилар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, давра суҳбатлари ташкил этилиб, ветеринария-санитария хизмати билан ҳамкорликда назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.
Соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот ишлари эса изчил давом эттирилмоқда.
Шербек Исломов,
ЎзА