Ўзбекистон – умумий уйимиз: дўстлик ва бағрикенгликни тараннум этган тадбир
Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари аҳил ва ҳамжиҳат ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг тили, маданияти, урф-одатлари ва миллий қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодга етказиш мақсадида 157 та миллий маданий марказ самарали фаолият юритиб келмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳузуридаги миллий маданий марказлар павильонида Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази ташаббуси билан “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида маданий-маърифий ва мусиқий тадбир ташкил этилди.
[gallery-29756]
Тадбирда қўмита раҳбарияти, миллий маданий марказлар фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда амалга оширилаётган бағрикенглик сиёсати, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар ҳамда миллий маданий марказларнинг бу жараёндаги муҳим ўрни ҳақида фикр билдирди.
Таъкидланганидек, миллатлараро ҳамжиҳатлик – жамият барқарорлиги ва тараққиётининг муҳим омилидир. Турли миллат ва элат вакилларининг бир оиладек аҳил яшаши, умумий мақсадлар йўлида бирлашиши Ўзбекистоннинг энг катта бойликларидан бири саналади.
Тадбирнинг бадиий қисмида миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган концерт дастурлари намойиш этилди. Турли миллатларга мансуб қўшиқлар, миллий рақслар ва саҳна кўринишлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди. Миллий либослар, халқ амалий санъати намуналари ва турли халқларнинг анъана ҳамда урф-одатларини акс эттирувчи кўргазмалар эса тадбирга янада ўзига хос руҳ бағишлади.
Тадбир иштирокчилари қайд этганидек, бундай маданий учрашувлар нафақат халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлайди, балки ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, дўстлик, бағрикенглик ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Н.Раҳмонова,
Ф.Абдурасулов (сурат)
ЎзА