Хавфли нуқталар: Судан (+видео)
Сўнгги йилларда Африка қитъасининг айрим ҳудудларида сиёсий беқарорлик ва қуролли тўқнашувлар кучайиб бормоқда. Шулар орасида Судан Республикаси алоҳида эътиборга молик бўлиб, у нафақат минтақавий, балки халқаро хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам долзарб масалага айланган.
Африка ва Яқин Шарқ чорраҳасида жойлашган, Қизил денгиз соҳилидан Саҳрои Кабиргача чўзилган Судан ҳозир ер юзидаги энг хавфли ҳудудлардан бирига айланган.
Ушбу ўлка 2011 йилгача қитъанинг энг йирик мамлакати эди. Жанубий Судан ажралиб чиққач, бу давлат майдони 1,88 миллион квадрат километрни ташкил этмоқда. Маъмурий жиҳатдан 18 штатга бўлинган Судан Республикаси шимолда Миср ва Ливия, ғарбда Чад, жанубда Жанубий Судан, шарқда эса Эфиопия ва Эритрея билан чегарадош.
Мамлакат пойтахти Хартумда икки Нил қўшилиб, ягона дарё ҳосил қилади.Бугун бу ўзан ҳаёт манбаи вазифасини ўтамай, қонли тўқнашув гувоҳига айлангандек. Суданнинг иқлими тақдири каби аёвсиз – ёзда жазирама 43,3°C дан ошади, тинимсиз кузатиладиган “Ҳабуб” чанг бўрони яшаш шароитини баттар оғирлаштиради.
Судан жамияти араб ва африка маданиятларининг мураккаб қоришмасидир. Аҳолининг 97 фоизи сунний мусулмонлар бўлса-да, ҳудудда юздан зиёд маҳаллий тил, кучли қабилавий тизим ҳамон сақланган. 2026 йилга келиб 50 миллиондан ошган аҳоли сонига ҳар йили бир миллион қўшиляпти. Бундай демографик ўсиш уруш шароитида таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини бутунлай фалаж қилиб қўйган.
Олтин ва бошқа кўплаб ресурсларга бой бўлишига қарамай, мамлакат 2011 йил жуда кучли иқтисодий зарбага учради. Ўша йили Жанубий Судан мустақил бўлиб чиққач, расмий Хартум нефть захирасининг қарийб 75 фоизидан айрилди. Энг даҳшатли воқеалар 2023 йил 15 апрелда бошланди. Абдулфаттоҳ ал-Бурхон бошчилигидаги расмий армия ва Муҳаммад Ҳамдан Дагало етакчилигидаги “Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари” (RSF) ўртасида ҳокимият учун қонли уруш бошланганига роппа-роса уч йил тўлди.
Натижа аянчли: қурбонлар 150 минг, 12 миллиондан кўп одам қочқин мақомида. Судан аҳолисининг ярми – 25 миллион киши очлик ёқасида. БМТ вазиятни “эътибордан четда қолган инқироз” деб атади.Зеро, айни пайтгача жорий йил учун сўралган гуманитар ёрдамнинг атиги 16 фоизи йиғилган.
Сайёрамиз Судан мисолида инсоний қадрият геосиёсий манфаат соясида қолаётганига гувоҳ. Дунё иқтисодиётига бевосита таъсир қилмаса-да, бу уруш миллионлаб тақдирларни вайрон қилмоқда. Унутмаслик керак, бир нуқтадаги беқарорлик эртага бутун минтақани ҳалокатга етаклаши мумкин.
Ушбу кўрсатувни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VDj5Ukca3yQ" title="Xavfli nuqtalar: Sudan " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Фардона Яхшибоева, Салим Обиджонов (видеомуҳандис), ЎзА