Ўзбекистон-Қатар: инвестициявий ҳамкорлик имкониятлари ўрганилмоқда
Давлат активлари агентлигида Қатарнинг “Artan Holding” компанияси ва “Qatar City University” раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистонда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, давлат активларини хусусийлаштириш ва таълим соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк объектлари ҳамда “Янги Тошкент” ҳудудидаги ер участкаларини хусусийлаштиришда иштирок этиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистонда халқаро даражадаги университет ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилиниб, лойиҳа учун мос ер майдонлари ва кўчмас мулк объектларига эътибор қаратилди.
Томонлар хорижий инвестицияларни жалб қилиш, таълим инфратузилмасини ривожлантириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашувда Қатар вакилларига давлат активларини хусусийлаштиришнинг янги молиявий механизмлари ҳам таништирилди. Унга кўра, объект қийматининг 35 фоизи уч ой ичида тўланса, қолган маблағни беш йилгача, 50 фоизи олти ой ичида тўланса, қолган қисмини етти йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш мумкин. Объект қиймати олти ой ичида тўлиқ тўланган тақдирда эса, харидорга 25 фоиз чегирма берилади.
Агентлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида Қатар вакилларини онлайн-аукционга қўйилган давлат мулки объектлари билан таништириш ҳамда таълим лойиҳасини ҳисобга олган ҳолда “Янги Тошкент”даги ер участкалари бўйича таклифларни ўрганишга келишиб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА