"Жадидлар изидан" танлови ёшларда миллий қадриятларни мустаҳкамлади
Учтепа туманида ўтган "Жадидлар изидан" танлови ёшларнинг маънавий меросга қизиқишини оширди.
Учтепа туманида ёшлар маънавиятини юксалтириш ва китобхонликка қизиқишини янада оширишга қаратилган “Жадидлар изидан” кўрик-танлови якунланди. Бу каби танловлар “Келажак” марказлари томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбир ёш авлоднинг тарихий билимларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятлар ва жадид боболаримизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб этишга қаратилган.

Унда тумандаги 6-10-синф ўқувчилари иштирок этди. 6-8-синфлар тоифасида 283-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Музаффар Жовлиев биринчи ўринни эгаллаган бўлса, 9-10-синфлар ўртасидаги беллашувда 229-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Диёра Нарзуллаева ғолиб бўлди.
Танлов Ёшлар ишлари агентлиги ва Учтепа тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилди. У йигит-қизларнинг жадидчилик ҳаракати вакилларининг ҳаёти ҳамда фаолиятига қизиқишини ошириб, уларнинг илм-маърифат, миллий уйғониш ва тараққиёт йўлидаги хизматларини чуқур ўрганишга замин яратади.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА