Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё етакчиларининг Ақаба жараёни доирасидаги учрашувида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ақаба жараёни доирасидаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сунъий интеллект соҳасида хавфсизлик масалаларига бағишланган учрашувида иштирок этди.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II, Озарбайжон ва Қирғизистоннинг юқори даражали вакиллари ҳамда бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.
Халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, шунингдек, рақамли технологияларнинг ривожланиши билан боғлиқ янги хатар ва таҳдидлар масалалари кўриб чиқилди.
Давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш, айниқса, ёшлар орасида радикаллашувнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз ўз нутқида хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги шароитда Ақаба жараёнининг аҳамиятини юксак баҳолади.
Сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши инсоният учун улкан имкониятлар яратиш билан бирга, янги таҳдидларни ҳам юзага келтираётгани қайд этилди. Шу муносабат билан сифатли таълим ва инсон салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароит яратиш хавфсизликнинг муҳим пойдевори экани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари маърифат ва илмга интилишдек гуманистик анъаналарни замонавий илм-фан ютуқлари билан уйғунлаштириш мақсадида “Инсон манфаатлари йўлида рақамли тараққиёт” ташаббусини илгари сурди. Унинг асосий мақсади сунъий интеллект салоҳиятини билимларни кенг тарқатиш, ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш ва шахс камолоти учун янги имкониятлар яратишга йўналтиришдан иборат.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Сунъий интеллектни бошқариш масалалари бўйича глобал мулоқоти қўллаб-қувватланди.

Глобал саъй-ҳаракатларга амалий ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистонда БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси минтақавий офисини очишга тайёрлик билдирилди. Ушбу офис Марказий Осиё мамлакатларига террорчилик мазмунидаги материаллар ҳақида огоҳлантириш каналларини ишга тушириш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш, терроризмни молиялаштириш ҳолатларини аниқлаш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда бу жараёнларда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий кўмак кўрсатади.
Шунингдек, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази негизида “Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат” халқаро дастурини йўлга қўйиш таклиф этилди. Унинг асосий вазифалари кўп тилли ахборот ресурсларини яратиш, диний арбобларни ахборот муҳитида фаолият юритишга тайёрлаш, ислом динининг инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этаётган ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида сунъий интеллектнинг келажаги нафақат технологик тараққиётга, балки ундан қандай мақсадларда фойдаланишга ҳам боғлиқ эканини таъкидлади. Шу боис янги технологияларни таҳдидлар манбаига эмас, балки тинчлик, хавфсизлик ва инсон тараққиётини таъминлашнинг қудратли воситасига айлантириш умумий интилиш бўлиши лозимлиги қайд этилди.