Ўзбекистон меҳнат бозори трансформацияси: янги тенденциялар ва инновацион HR муҳокама қилинмоқда
Пойтахтда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамкорлигида “Ўзбекистон меҳнат бозори трансформацияси: янги тенденциялар, асосий ўзгаришлар ва инновацион HR” форуми бўлиб ўтмоқда.
Меҳнат бозорини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, инсон капитали салоҳиятини ошириш, рақамли технологияларни жорий этиш ва меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга бағишланган мазкур форум давлат органлари, халқаро ташкилотлар, тижорат банклари, хусусий сектор, HR соҳаси мутахассислари, рекрутинг компаниялари, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини бир майдонга жамлади.
Форум доирасида меҳнат бозоридаги янги тенденциялар, инновацион HR бошқаруви, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, халқаро HR стандартлари, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг янги механизмлари муҳокама қилинмоқда.
Тадбирда меҳнат соҳасини рақамлаштиришга қаратилган қатор ташаббуслар ҳам тақдим этилди. Жумладан, “Oson Ish” платформаси, “Skill Up” лойиҳаси, мамлакат меҳнат бозорига оид энг сўнгги таҳлилий маълумотлар ҳамда меҳнат қонунчилигини кенг жамоатчилик учун содда ва тушунарли шаклда изоҳлашга мўлжалланган “Меҳнат кодексига шарҳ” электрон платформаси иштирокчиларга таништирилди. Мазкур лойиҳа Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги молиявий кўмагида ишлаб чиқилган бўлиб, меҳнат қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва қонунчиликдаги янгиликларни тезкор етказишга хизмат қилади.
Форум доирасида меҳнат муносабатлари, ижтимоий кафолатлар, меҳнат қонунчилиги амалиёти, тижорат банклари фаолиятидаги янги ёндашувлар юзасидан очиқ мулоқотлар ва панел сессиялари ташкил этилмоқда. Шунингдек, 30 дан ортиқ тижорат банки иштирокида меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, қарийб 1 000 та бўш иш ўрни иш излаётган фуқароларга таклиф қилинмоқда.
Мазкур форум меҳнат бозорини замонавий талабларга мос равишда ривожлантириш, инсон капитали салоҳиятини мустаҳкамлаш, илғор HR ечимларини оммалаштириш ҳамда давлат, бизнес ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги мулоқотни янада кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим майдон сифатида аҳамият касб этмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА