Сифатсиз арматура маҳсулотлари утилизация қилинди
Қурилиш соҳасида хавфсизлик ва мустаҳкамлик энг олий мезон ҳисобланади.
Бозорга сифатсиз ёки техник талабларга жавоб бермайдиган қурилиш материалларининг кириб келиши инсонлар ҳаёти ва иншоотларнинг мустаҳкамлигига бевосита таҳдид солади. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан доимий ўрганишлар ва давлат назорати тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ана шундай навбатдаги текширув тадбири Инспекциянинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими томонидан “VBV” МЧЖда ўтказилди.
Ўрганишлар давомида корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган 12 мм ва 14 мм диаметрли, А400 синфли даврий профилли арматура прокати маҳсулотларидан намуналар олиниб, белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилди. Синов натижаларига кўра, ушбу маҳсулотларнинг “Металлургия маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги техник регламент ҳамда “Текис ва даврий профилли арматурали прокат” техник шартлари талабларига номувофиқлиги аниқланди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан Инспекция ходимлари томонидан қатъий чоралар кўрилиб, стандарт талабларига жавоб бермайдиган арматура маҳсулотларини реализация қилиш вақтинча тақиқланди. Шунингдек, хавфсизлик талабларига мос келмайдиган маҳсулотларни белгиланган тартибда утилизация қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА