Ўзбекистон–Корея: “Ақлли иссиқхона” технологиялари ривожланмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 июлдаги “Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобига Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги, KOAMI, KIAT, CAMTIC илғор мехатроника технологиялари институти ҳамда “Agro Solution Korea” компанияси ҳамкорлигида “Ақлли қишлоқ хўжалиги” саноат технологиялари инновацион маркази лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида икки қаватли лаборатория ва маъмурий бино, ишлаб чиқариш мажмуаси, тажриба хўжалиги — “Ақлли иссиқхона” ҳамда ёрдамчи иншоотлар барпо этилди.

Шунингдек, ҳар бири 0,20 гектардан иборат замонавий иссиқхона хўжаликлари ташкил этилмоқда. 2024 йилда Тошкент ва Самарқанд вилоятларида, 2025 йилда эса Хоразм, Фарғона ва Бухоро вилоятларида қурилиш ишлари якунланди.

Айни пайтда лойиҳа доирасида маҳаллий мутахассислар Корея Республикасида малака ошириш тренингларида иштирок этмоқда. Машғулотлар “Ақлли иссиқхоналар”да қўлланиладиган рақамли технологиялар (IT) вa "Smart Farm" тизимларидан самарали фойдаланиш йўналишларини қамраб олган.

Ўқув жараёнларида иштирокчиларга махсус электрон қурилмалар, видеокузатув тизимлари, тупроқ таркиби, намлик ва ҳароратни аниқловчи сенсорлардан фойдаланиш, уларни иссиқхона қувватига мос равишда жойлаштириш ҳамда ҳисоб-китоб қилиш тартиблари ўргатилмоқда.

Шу билан бирга, маълумотлар базасини шакллантириш, мониторинг олиб бориш ҳамда “Ақлли иссиқхона”ларни бошқаришда қўлланиладиган дастурлаш тиллари бўйича назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилди.
Мазкур тренинглар юртимизда “Smart Farm” технологияларини кенг жорий этиш, инновацион марказ фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА