Энди саноат марказига айланади
Кечагина аграр ҳудуд сифатида эътироф этилган Оқолтин бугун саноатлашув сари дадил қадам ташламоқда. Туман делегациясининг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафари давомида йирик инвестициявий келишувга эришилди. Хусусан, Хитойнинг “TK CHINA Group” компанияси билан Оқолтин туманида замонавий ишлаб чиқариш технопаркини барпо этиш бўйича меморандум имзоланди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши уни нафақат туман, балки вилоят миқёсидаги энг йирик инвестиция ташаббусларидан бирига айлантирмоқда. Режага кўра, технопарк ҳудудида дастлабки босқичда 50 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилади.

– Ушбу корхоналарда саноат маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электротехника буюмлари ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш назарда тутилган, – дейди Оқолтин тумани ҳокимининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Улуғбек Турсунов. – Бу маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, қўшимча қиймат яратиш ва экспорт ҳажмини ошириш имконини беради.

Энг муҳими, лойиҳа доирасида 2,5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва ёшларни доимий иш билан таъминлашга хизмат қилади.

– Мазкур технопаркнинг барпо этилиши Оқолтиннинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириб, уни ҳудуддаги муҳим саноат марказларидан бирига айлантириш учун мустаҳкам замин яратади. Замонавий технологиялар, илғор ишлаб чиқариш жараёнлари ва халқаро ҳамкорлик асосида амалга ошириладиган мазкур мега лойиҳа туман иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқади, – дейди Улуғбек Турсунов.

Энг асосийси, бугун асосан аграр ҳудуд сифатида танилган Оқолтин учун мазкур лойиҳа тарихий аҳамиятга эга. У яқин йилларда туманнинг саноат салоҳиятини юксалтириш, минглаб аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудудни замонавий ишлаб чиқариш марказларидан бирига айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири