Ўзбекистон – Италия: қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдан қадоқлашгача
Қишлоқ хўжалигига илғор инновацион технологияларни жорий этиш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида юртимизда олиб борилаётган ишлар кўлами кенгаймоқда.
Ўзбекистоннинг Рим шаҳридаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Италиянинг Planet Farms компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Компания Ўзбекистонда замонавий ақлли иссиқхона (Smart Greenhouse) мажмуасини ташкил этиш, шунингдек, маҳсулотларни саралаш, қадоқлаш ва тайёр ҳолда етказиб бериш занжирини йўлга қўйишга қизиқиш билдирди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Жумладан, компания таклиф этаётган инновацион технологиялар сув ва ер ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, ўғитлар сарфини қисқартириш ҳамда пестицид ва гербицидларсиз юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имконини беради.
Учрашувда ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва маҳсулотларни қадоқлаш тизимини ягона мажмуада ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар замонавий иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, маҳсулот етиштиришдан қадоқлашгача бўлган жараёнларни интеграция қилиш ва инвестиция лойиҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА