Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг 9 ойлик фаолияти сарҳисоб қилинди
Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида ушбу йўналишларда бажарилган ишлар, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилноза Каттахонова раҳбарлигида марказий аппарат, ҳудудий бошқармалар, шунингдек, 208 та туман ва шаҳар масъуллари иштирокида ҳисобот даври якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Ҳисобот даврида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш борасида муайян натижаларга эришилди. Жумладан, «Аёллар дафтари» орқали 1 миллион 3 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизга манзилли ёрдам кўрсатилди. Бу орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар амалга оширилди.
Маҳаллаларда оилалар билан олиб борилган тизимли ишлар натижасида 34 минг 638 та оиладаги низолар бартараф этилди. Шунингдек, 8,7 мингдан ортиқ оиланинг қонуний никоҳи расмийлаштирилди. Мазкур натижалар оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, никоҳнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш ва оилалардаги муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш муҳимлигини кўрсатади.

Хотин-қизлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятлар кўрсаткичининг 20,7 фоизга камайгани ҳам ҳисобот даврида қайд этилган натижалардан бири бўлди. Бу йўналишда профилактика ишларини кучайтириш, хотин-қизлар билан индивидуал ишлаш ва уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш масалалари долзарб аҳамият касб этади.
Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ҳам йиғилишда алоҳида кўриб чиқилди. Қўмитага келиб тушган 39 минг 975 та мурожаатнинг 32 минг 955 таси ижобий ҳал этилган. Бу борада мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, ҳар бир ҳолатни алоҳида ўрганиш ва фуқароларнинг муаммоларига аниқ ечим топиш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, ҳудудларда сақланиб қолаётган камчиликлар ҳам танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, такрорий мурожаатлар, эрта никоҳ ва эрта туғруқ ҳолатлари, оилавий ажримлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, мазкур масалаларни самарали ҳал этиш учун масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиш ва профилактик чораларни ўз вақтида кўриш зарур. Айниқса, оилавий низоларнинг олдини олишда маҳалла, оила ва тегишли мутахассисларнинг ҳамжиҳатликда ишлаши муҳим аҳамиятга эга.
Эрта никоҳ ва эрта туғруқларнинг олдини олиш масаласида ҳам тушунтириш ишларини кучайтириш, ота-оналарнинг масъулиятини ошириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, оилавий ажримларнинг олдини олишда муаммоларни дастлабки босқичда аниқлаш ва оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш муҳим экани қайд этилди.
Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Бу борада аёлларнинг касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат бозорида муносиб ўрин топиши ва иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашига кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Зеро, иқтисодий барқарорлик хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва оилалар фаровонлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
Йиғилишда ҳар бир мурожаатга юзаки ёндашмасдан, унинг замиридаги муаммони аниқлаш ва амалий ечим топиш зарурлиги алоҳида уқтирилди. Масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш, белгиланган вазифалар ижросини мунтазам назорат қилиш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.
Шунингдек, электрон «Хотин-қизлар баланси» асосида ҳар бир аёлнинг ижтимоий ҳолати, эҳтиёжлари ва муаммоларини индивидуал ўрганишга устувор аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди. Мазкур ёндашув хотин-қизларга кўрсатилаётган ёрдамнинг манзиллилигини таъминлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва муаммоларни барвақт аниқлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Н.Усмонова,
ЎзА