Ўзбекистон Ислом цивилизация маркази – юртимиздаги табаррук гўшалардан бири
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Конфедерациясининг умумий йиғилиши иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси асосида барпо этилган ушбу муаззам маскан Ўзбекистоннинг бой маърифий салоҳияти, тарихи, илмий-маънавий, маданий меросини ўзида мужассам этгани билан диққатга сазовор.
Таъкидлаш зарурки, Президентимиз таъбири билан айтганда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қиладиган, балки, тарих, бугун ва келажакни боғлайдиган, тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган ақл-тафаккур марказидир.
[gallery-29020]
Шонли тарихимиз ва Янги Ўзбекистон ўртасидаги кўприк бўлган ушбу масканда меҳмонлар бой маънавий ва илмий меросни мамлакатнинг замонавий интилишлари билан боғлайдиган жараёнлар билан танишди.
Хусусан, марказдаги Шон-шараф зали, Қуръони Карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлими бўлган Сўғд зали, “Бағрикенглик” майдони билан танишди. Жумладан, Шон-шараф залида жойлашган 14 та равоқда Марказий Осиё халқлари тарихидаги муҳим воқеалар тасвирлангани гувоҳи бўлди.
Бу ерда замонавий технологиялар тарихни тирик мулоқотга айлантирганини кўриб, ҳайратланишди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан яратилган рақамли платформада эса юздан ортиқ буюк мутафаккир ва олимларнинг экранларда “жонланиб”, ўз ғоялари ва кашфиётлари ҳақида сўзлаганлари меҳмонларда унутилмас ва ёрқин таассурот қолдирди.
Н.Усмонова, А.Алижонов (сурат), ЎзА мухбири