Ўзбекистон – Хитой: физик сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришда қўшма ташаббуслар амалга оширилади
Мамлакатимизда саноатни диверсификация қилиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда амалга оширилаётган музокаралар янги инвестициялар жалб қилиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва илғор технологияларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш учун муҳим замин яратади.
Ана шундай ҳамкорликлар доирасида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов Хитой электроника корхоналари ассоциацияси (CEEA) президенти Луо Тао билан учрашди.
Музокараларда икки давлат ўртасида саноат соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ишлаб чиқариш занжирларини мустаҳкамлаш ва янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида электроника ва электротехника саноатида икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, Хитойнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, инвестицияларни жалб қилиш ва саноат кооперацияси кўламини кенгайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Таъкидлаш керакки, Хитой электроника корхоналари ассоциацияси 1983 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакат электрон ахборот саноатидаги энг йирик ва таъсирчан тармоқ бирлашмаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда ташкилот Хитой бўйлаб 10 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотни бирлаштирган ҳолда электрон компонентлар, маиший техника, яримўтказгичлар, куч электроникаси, интеллектуал ишлаб чиқариш тизимлари ҳамда рақамли технологиялар соҳаларида кенг имкониятларга эга.
Музокаралар якунида икки томон ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатга мувофиқ, келгусида маиший техника воситалари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шунингдек, “physical AI” – физик сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш йўналишларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш белгиланди.
Уюшма ахборот хизматига кўра, мазкур келишув юртимиз электроника саноатининг технологик салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш ва халқаро бозорларга интеграциялашув жараёнларини жадаллаштиради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА