Фермер: ғалла 100 центнер эди, пахта 80 центнер бўлади!
Ўн эмас, ҳатто беш йил аввал ҳам ғалла ва пахтадан шундай ҳосилдорлик олинади, дейишса ишонмас эдилар. Рост-да, ўшанда пахта ҳосилдорлиги ўртача 27-28 центнердан ошмаган. Ғалла ҳам 40-45 центнер эди.
Хўш, шу қисқа вақт ичида қандай воқеалар рўй берди? Аввало, қишлоқ хўжалигига илм-фан кириб келди. Энди уруғ сифати, нави илмий хулосаларга асосланиб танланади. Экиш услуби кескин ўзгарди. Хитойнинг Шинжон тажрибаси қўлланди. Яъни чигит қўшқатор, плёнка остига, томчилатиб суғориш услубида экилди. Бир гектар майдонда 250-260 минг кўчат парваришланяпти ҳозир.


Ёзёвон туманидаги Шаробиддин Исманов бошчилигидаги “Ҳумо” фермер хўжалиги шу услубда 38,6 гектар майдонга Хитойнинг “Xin Lu Zhong-87” навли чигитдан эккан эди.
– Чамалов ўтказдик. Ҳар гектардан 80 центнерга яқин ҳосил борлигини кўрсатди ҳисоб-китоб, – дейди Шаробиддин ота. – Аслида шартнома 55 центнер эди. Шукрки, меҳнатимизга яраша ҳосил баракали бўлди.

“Ҳумо” фермер хўжалиги бу йил 59,5 гектар майдонда “Davr elite” навли буғдой етиштириб, гектаридан 100 центнердан, жами 600 тонна буғдой йиғиб олган эди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА