Ўзбекистон – Хитой: аграр соҳада ҳамкорлик ривожланмоқда
Тошкент давлат аграр университетида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамкорлигида "Ўзбекистонда маккажўхори етиштиришнинг амалий технологиялари ва аграр соҳа бўйича малакали кадрларни тайёрлаш дастури"нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги аграр ҳамкорлик сўнгги йилларда стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, уруғчилик, сув тежовчи технологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хитойнинг Шинжон қишлоқ хўжалиги университети делегацияси иштирокида ташкил этилган тадбирда томонлар аграр соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларни ўрганиш ва Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларига тўхталди.

Дастур доирасида маккажўхори етиштириш, сувни тежовчи суғориш, тупроқ унумдорлигини ошириш, механизация ва бошқа замонавий агротехнологиялар бўйича назарий ҳамда амалий машғулотлар ўтказилди. Мазкур тадбирда 40 нафар ўзбек уста-деҳқонлари ҳам қатнашмоқда. Улар олган билим ва тажрибаларини ўз ҳудудларида амалиётга татбиқ этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА