Ўзбекистон фотосурати Жаҳон божхона ташкилотининг халқаро фотокўргазмасидан ўрин олди
Жаҳон божхона ташкилоти ҳар йили июнь ойида Бельгия пойтахти Брюссел шаҳридаги бош қароргоҳида ўтказиладиган йиллик сессия доирасида аъзо давлатлар тақдим этган энг сара фотосуратлардан иборат анъанавий фотокўргазма ташкил этади.
Жорий йилги фотокўргазма учун ташкилотга аъзо 180 дан ортиқ давлатлардан юборилган ижодий ишлар сараланиб, улар орасидан 78 та энг яхши фотосурат танлаб олинди. Қувонарлиси, мазкур кўргазмадан Ўзбекистон вакиллари тақдим этган фотосурат ҳам муносиб ўрин эгаллади.
«Чегаралар ажратади, божхона эса бирлаштиради!» шиори остида намойиш этилган фотосуратда «Навоий» чегара-божхона пости орқали ўтаётган анъанавий ўзбек тўй карвонининг самимий ва қувончли лаҳзалари акс этган.
Суратда божхона ходимлари янги оилага илиқ табассум, миллий қадрият ва урф-одатларга ҳурмат билан оқ йўл тилаётгани, айни пайтда юксак масъулият ва профессионаллик билан давлат чегараси хавфсизлигини таъминлаш вазифасини ҳам сидқидилдан бажараётгани ўз ифодасини топган.
Мазкур фотосурат нафақат миллий анъаналаримиз ва меҳмондўстлигимизни, балки мамлакатимиз божхона хизмати фаолиятининг инсонпарварлик, очиқлик ва замонавий ёндашувларини ҳам ёрқин намоён этади.
Фотокўргазмада дунёнинг турли мамлакатлари тақдим этган сара фотосуратлар ҳам ўрин олган бўлиб, улар халқаро божхона ҳамжамиятининг ҳамкорлик, хавфсизлик ва маданий хилма-хиллик каби умумий қадриятларини акс эттиради.
Ш.Маматуропова, ЎзА