“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Касбий таълим агентлиги ҳамкорлик ўрнатди
Пойтахтимизда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Р.Абдуллаев ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги директори А.Ҳусановнинг ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ипакчиликни янада ривожлантириш, ипак қуртини парваришлаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, пилла етиштириш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мулоқот давомида ипакчилик тармоғи учун замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга малакали ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, касбий таълим тизимини ишлаб чиқариш билан янада интеграция қилиш, дуал таълимни ривожлантириш, техникум битирувчиларининг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълим агентлиги ҳамда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ўртасида касбий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Англашув меморандуми имзоланди.

Тадбирда қайд этилганидек, меморандум доирасида ипакчилик йўналишидаги ўқув дастурларини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш амалиётларини самарали ташкил этиш, педагоглар малакасини ошириш, хорижий тилларни ўқитиш ҳамда қисқа муддатли касб курсларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Шунингдек, томонлар қўшма семинарлар, форумлар ва касбий маҳорат танловларини ташкил этиш, техникум битирувчиларини тармоқ корхоналаридаги бўш иш ўринларига кенг жалб этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.
Г.Бобоева,ЎзА