Ўзбекистон делегацияси Туркияга ташриф буюрди
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакиллари Туркия Республикасининг Хатай вилоятида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Делегация таркибидан Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, Хоразм вилояти ҳокими ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўрин олган.

Мазкур ташриф 2023 йил февраль ойида содир бўлган зилзиладан жабр кўрган оилалар учун Хатай вилоятида барпо этилган “Ўзбекистон турар жой мажмуаси”нинг расмий очилиши муносабати билан амалга оширилмоқда.
Ташриф доирасида делегация вакиллари Хатай вилоятининг Антакья туманида бўлиб, туризм ва маданий марказлар, зиёратгоҳ ва диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишди.

Ўзбекистонлик меҳмонларга ҳамроҳлик қилган Хатай вилояти ҳокими ўринбосари Меҳмет Мирач Топалўғлу Антакья марказидаги қадимий ва тарихий масканлар, бир асрлик тарихга эга маданият маркази ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, вайронкор зилзилада энг катта талафот кўрган мазкур ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Меҳмонлар Антакьяда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова, Шавкат Тоҳиров (сурат), ЎзА