“Дунё мамлакатлари” – турфа диёрлардан сўзловчи китоб
Дунё мамлакатлари. Улар ниҳоятда ранг-баранг, турфа тарих, анъана ва қадриятларга макон. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” номли китоби тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатшунос, тарихчи, иқтисодчи олимлар, шоир ва ёзувчилар, журналистлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тақдимот тадбирида ушбу китоб хусусида батафсил сўз юритилди.
Таниқли журналист ва адиб, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” энциклопедик китобидан дунёнинг 236 та давлати ҳақида батафсил маълумотлар жой олган. Унда мамлакатларнинг бошқарув шакли, маъмурий бўлиниши, географик жойлашуви ва табиати, тарихи, иқтисодиёти, ички ва ташқи сиёсати, Ўзбекистон билан муносабатлари ва эътиборга молик бошқа жиҳатлари келтирилган.
Алифбо тартибида берилган давлатлар ҳақидаги малъумотлар муаллифнинг шахсий ёндашуви билан ёритилиши китобхонда алоҳида бир ҳикоядек таассурот қолдиради. Зеро, бу ҳикоялар ортида заҳматкаш журналист, адиб ва олим Лазиз Раҳматовнинг “қўли” сезилиб туради.
Бугун исталган илмий-маърифий маълумотларни интернетдан топиш осон бўлган бир даврда китобнинг долзарблиги ва ютуғи шундаки, унда келтирилган маълумотлар ниҳоятда бой, илмий тасдиқланган манбаларга асосланган. Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатлар билан алоқалари, дипломатик муносабатлари, ўзаро ҳамкорлиги ҳақида ҳам батафсил ва керакли ахборот берилган.
Китобнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, унда мамлакатлар ва уларнинг диққатга сазовор жойлари, айнан шу мамлакатнинг “ташриф қоғозига” айланган манзилларнинг рангли расмларда берилиши китобхонга ўқилаётган маълумотлар ҳақида визуал тушунча ҳосил қилишга кўмаклашади.
[gallery-29940]
Китоб энциклопедик моҳиятидан келиб чиқиб дунё мамлакатлари ҳақидаги геосиёсий манбалар қомуси сифатида ўқувчилар, талабалар, илмий тадқиқодчилар ва кенг китобхонлар оммасининг доимий ҳамроҳига айланиши шубҳасиз.
Н.Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА