Ўзбек ва тожик маданиятини боғлаган ижодкор
Амрилло Авезов Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини азалдан бирлаштириб келаётган тарих, маданият ва маънавий қадриятларни ёритишда фаолият олиб бораётган ижодкорлардан бири ҳисобланади.
Амрилло Авезов 1953 йил 15 октябрда Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. У 1973 йилда Самарқанд давлат педагогика институтининг тожик тили ва адабиёти факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаб, таълим соҳасида фаолият бошлаган.

Дастлаб тумандаги 20-умумтаълим мактабида ўқитувчи, кейинчалик директор ўринбосари сифатида ишлаган. Ёш авлодни билимли ва маънавиятли этиб тарбиялаш йўлидаги самарали меҳнати муносиб баҳоланиб, 1991 йилда у “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси” кўкрак нишони, 1996 йилда эса “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Ижодкорнинг фаолияти талабалик йилларидаёқ бошланган. Унинг мақола ва очерклари республика ҳамда вилоят матбуотида мунтазам эълон қилиб келинган. 1998 йилдан буён у “Овози тожик” республика газетасининг Бухоро вилояти мухбири сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Амрилло Авезовнинг мақола, очерк ва таржималари Ўзбекистон ва Тожикистон матбуотида кенг ёритилган. Унинг бадиий таржималари орасида бухоролик ёзувчи Аҳад Ҳасаннинг “Юзма-юз” қиссасини тожик тилига ўгиргани ҳам мавжуд.
Шунингдек, унинг “Магасҳо” (“Чивинлар”) ҳикояси 2022 йилда Душанбе шаҳрида нашр этилган “Суханварони Зарафшон” тўпламига киритилган.

Амрилло Авезов жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этиб, Бухоро вилояти Кенгаши депутати ҳамда бир неча чақириқ давомида Шофиркон тумани халқ депутатлари Кенгаши депутати сифатида фаолият юритган.
У кўп йиллик самарали меҳнати учун “Тожикистон матбуоти аълочиси”, “Меҳнат фахрийси” унвонлари ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотларининг фахрий ёрлиқ ва мукофотлари билан тақдирланган.
Бугунги кунда ҳам Амрилло Авезов ўз ижоди орқали икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА