Миллий ва замонавий либослар намойиши
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳридаги Шайх-ул Олам маҳалласида миллий қадриятларни тарғиб этиш, ёшларда маданий меросга ҳурматни кучайтириш мақсадида ўзбек миллий либослари фестивали ўтказилди.
Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда олий таълим муассасалари талабалари, фаол ёшлар ҳамда “Аёл маърифати”, “Оқила аёллар” ва “Аёл билимлари” жамоатчилик тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Фестиваль доирасида Бухоро давлат техника университети талаба-қизлари томонидан яратилган миллий ва замонавий либослар намойиши бўлиб ўтди.
[gallery-28353]
Қайд этилганидек, мазкур олий таълим муассасасида муҳандислик, технология, табиий ресурсларни бошқариш ҳамда хизмат кўрсатиш ва рақамлаштириш каби йўналишлар бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Хусусан, Муҳандислик факультети таркибидаги енгил саноат муҳандислиги ва дизайн кафедрасида соҳанинг малакали мутахассислари тайёрланмоқда.
Талабалардан Шаҳинабону Эргашева томонидан яратилган либослар тўплами анъана ва замонавийлик уйғунлигини ўзида акс эттиргани билан эътибор қозонди.
Либосларда анъанавий нақшлар ва замонавий дизайн ечимлари уйғунлашган бўлиб, улар миллий маданиятнинг ўзига хос жиҳатларини янги талқинда намоён этади.
Таъкидлаш жоиз, бу каби тадбирлар миллий меросни асраб-авайлаш, уни кенг тарғиб этиш ва ёшларда миллий ифтихор туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА