Наманганда аҳоли мурожаатлари ва ижтимоий объектлар ҳолати ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилноза Азизова Наманган вилоятига хизмат сафари доирасида Наманган туманида бўлиб, аҳоли мурожаатлари, маҳаллалардаги мавжуд муаммолар ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди.
Дастлаб депутат Қоратепа ва Нуртепа маҳаллаларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи билан танишди. Фуқароларнинг билдиришича, кўп йиллардан буён мавжуд муаммони ҳал этиш 2020 йилда давлат дастурига киритилган бўлса-да, ишлар ижроси кечикмоқда. Айни пайтда ушбу ҳудудларда 10 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш долзарблигича қолмоқда.
Депутат соҳа мутасаддилари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва маҳалла фаоллари билан мулоқот қилиб, масаланинг ечими юзасидан фикр алмашди. Муаммони бартараф этиш ишларини тезлаштириш мақсадида депутатлик сўрови юбориш белгиланди.
Шунингдек, Ғайрат маҳалласида аҳоли билан учрашув ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 июндаги «Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳияти, маҳалла еттилиги ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.
Сафар давомида тумандаги 26-умумтаълим мактаби ва 14-оилавий поликлиниканинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳам кўздан кечирилди. Муассасаларнинг кўмир захираси, иситиш тизимлари, электр энергияси ва бошқа зарур ресурслар билан таъминланишига эътибор қаратилди.
[gallery-32294]
Депутат «Биби Мушкулкушод» зиёратгоҳида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан ҳам танишди. Мазкур масканни ободонлаштириш учун давлат томонидан 7 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилган. Ўрганиш жараёнида маҳаллий аҳоли вакилларининг фикр ва таклифлари тингланди.
Мазкур ўрганишлар давомида аҳолини ўйлантираётган долзарб масалалар масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, уларнинг ечими юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА