Остонада “Келажак ўйинлари-2026” фижитал спорт мусобақалари ўтказилмоқда
Бугун, 29 июль куни Қозоғистон пойтахти Остонада “Келажак ўйинлари-2026” спорт ўйинлари доирасида халқаро ташкилотлар ва фижитал спорт соҳасидаги етакчи мутахассисларни бирлаштирган халқаро саммит – “Phygital Sports Summit Astana 2026” бошланди.
Нуфузли анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан спорт вазирлари, халқаро спорт ташкилотлари раҳбарлари, соҳа экспертлари ҳамда технология компаниялари вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов саммит тадбирларида иштирок этди ва "Фижитал спорт келажагини шакллантириш" сессиясида маъруза қилди.

Анжуман доирасида фижитал спортни ривожлантириш, анъанавий спорт ва рақамли технологияларни уйғунлаштириш, ёшлар спортини қўллаб-қувватлаш, сунъий интеллект ва инновацион ечимларни спорт соҳасига жорий этиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 29 июль-9 август кунлари ўтказиладиган “Келажак ўйинлари” фижитал спорт мусобақаларида 35 та давлатнинг 800 нафардан ортиқ спортчилари саккизта йўналишда кечадиган баҳсларда ғолиблик учун кураш олиб боради.
Т. Рўзиев, ЎзА