"Осиё ўйинлари-2026": академик эшкак эшувчиларимиз 9 та медалга сазовор бўлди
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтаётган ХХ Осиё ўйинларининг бугунги дастури делегациямиз учун муваффақиятли ўтмоқда. Айниқса, академик эшкак эшиш баҳсларида спортчиларимиз кун давомида 1 та олтин, 6 та кумуш ва 2 та бронза — жами 9 та медалга сазовор бўлди.
Қайд этиш жоизки, бугунги баҳсларда академик эшкак эшиш бўйича олтин медални эркаклар ўртасидаги LM2x дастурида Шаҳзодбек Нурматов ва Собир Сафаралиев қўлга киритди.
Кумуш медалларни эркаклар ўртасидаги M4-да Фазлиддин Каримов, Дилшоджон Худойбердиев, Максим Голубев ва Алишер Турдиевдан иборат квартет, M1x баҳсида Шаҳбоз Холмурзаев, M2x баҳсида Меҳрожбек Маматқулов ва Павел Сорин, аёллар ўртасидаги W1x йўналишида Анна Пракатен, W2-да Айдана Сметуллаева ва Анна Аксёнова, W4-да эса Анна Аксёнова, Мария Сергеева, Райҳона Сатторова ҳамда Айдана Сметуллаевадан иборат жамоа қўлга киритди.
Шунингдек, M4x дастурида Шаҳбоз Холмурзаев, Давржон Давронов, Меҳрожбек Маматқулов ҳамда Павел Сориндан иборат тўртлик 5 дақиқа 48,96 сония натижа билан бронза медалга сазовор бўлди. M2- дастурида эса Алишер Турдиев ва Максим Голубев жуфтлиги шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
[gallery-31599]
Шу тариқа, академик эшкак эшиш бўйича натижалар делегациямиз умумий медаллар жадвалига ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Натижада Ўзбекистон делегацияси ҳисобига 4 та олтин, 11 та кумуш ва 8 та бронза, жами 23 та медаль қайд этилди. Бу кўрсаткич билан вакилларимиз умумий ҳисобда 7-ўринга кўтарилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат), Япония. ЎзА