Осиё форумига Ўзбекистон юқори даражада тайёргарлик кўргани эътироф этилди
Бухоро шаҳрида ўтказилаётган Осиё хотин-қизларининг II форумида иштирок этаётган БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе келажак ҳақида мулоқот айнан тарихий Бухорода олиб борилаётгани чуқур рамзий маънога эга эканини эътироф этди.
– Бухоро асрлар давомида илм-фан, маърифат, маданиятлараро мулоқот ва дипломатия маркази бўлиб келган, – деди Каха Имнадзе. – Бугун эса ушбу қадимий шаҳар минтақа аёлларининг етакчилиги, илмий салоҳияти ва ҳамкорлик ташаббусларини бирлаштирувчи муҳим майдонга айланмоқда.

– Бугун тобора кўпроқ аёллар илм-фан йўлини танламоқда, – деди Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши раиси ўринбосари Жилдиз Таалайбековна. – Уларнинг тадқиқотлари, инновацион ғоялари ва етакчилик салоҳияти замонавий чақириқларга муносиб жавоб топишда муҳим ўрин тутмоқда. Шу боис, ушбу форум минтақа аёл олималарининг ҳамкорлигини кучайтириш, тажриба алмашиш ва янги илмий ташаббусларни илгари суриш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

– Бугунги кунда мамлакатларимизнинг асосий эътибори минтақада ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, конструктив мулоқотни ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган, – деди Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Намояндагон Мажлиси Ижтимоий масалалар, оила ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Жавҳари Мужибахон.

– Шу нуқтаи назардан Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотини ушбу изчил ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида кўрамиз. Шунингдек, Ўзбекистонда мазкур тадбирларга юқори даражада тайёргарлик кўрилганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Н.Абдураимова, ЎзА