Осиё форумида минтақа аёллари адолатли дунёни барпо этиш йўлидаги улкан бунёдкор куч экани эътироф этилди
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Осиё хотин-қизлари форуми иштирокчиларига йўллаган табриги тадбирга катта шукуҳ бағишлади.
Президентимиз табригида қайд этилганидек, Осиё халқларининг тарихи, маданияти, қадриятлари бир-бирига яқин ҳамда муштарак бўлиб, бу жиҳат минтақада барча соҳаларни ўзаро бирлаштирадиган, турли миллат аёлларини ҳамкорликка чорлайдиган омиллардан ҳисобланади. Бугун Осиё қитъасида истиқомат қилаётган 5 миллиардга яқин аҳолининг қарийб ярмини аёллар ташкил этади. Биз уларнинг тимсолида нафақат нафосат соҳибаларини, балки мамлакатларимиз тараққиётини жадаллаштириш, халқлар фаровонлигини юксалтириш ва адолатли дунёни барпо этиш йўлидаги улкан бунёдкор кучни кўрамиз.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Президентимиз эътироф этганидек, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш янги Ўзбекистон ислоҳотларининг устувор йўналишига айланганини алоҳида таъкидлади. Зеро, аёлга эътибор – бу, аввало, инсон шахсига, унинг қадрига бўлган юксак эҳтиромнинг олий намунаси. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш фақат сиёсий вазифа эмас, балки эркин ва фаровон жамият барпо этиш йўлидаги изчил демократик янгиланишларнинг ажралмас қисми ҳамдир.

Кейинги йилларда юртимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал пойдевор яратилди. Янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон - 2030” стратегияси аёллар ҳуқуқлари, оналик ва болаликни ҳимоя қилишнинг институционал кафолатларини мустаҳкамлади.
Ўтказилаётган форум Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида илгари сурган ташаббусининг амалий натижасидир.
Маълумки, Самарқандда ўтказилган биринчи форум бундай мулоқот майдонига қанчалик катта эҳтиёж борлигини кўрсатди ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Эндиликда бу майдонни доимий платформага айлантириш йўлида муҳим қадам ташланди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА