Ошпаз ва официантлар учун семинар-тренинг ҳамда амалий мастер-класс ташкил этилди
Бухорога келган сайёҳ учун бу шаҳар фақат қадимий миноралар, кўҳна мадрасалар, муҳташам мақбаралар ва асрлар сирини сақлаб келаётган тор кўчалар эмас. Бухоро — бу, аввало, ўзига хос муҳит, самимий инсонлар ва дастурхони билан ҳам меҳмон қалбида унутилмас таассурот қолдирадиган замин.
Зеро, сайёҳ бирор юртни нафақат кўзи билан кўради, балки унинг таъмини ҳам ҳис қилади. Бир коса шўрва, бир лаган палов, тансиқ кабоб ёки миллий ширинлик орқали у халқнинг тарихи, маданияти ва меҳмондўстлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилади. Шу маънода гастрономик туризм — оддий овқатланиш эмас, балки миллий маданиятни дунёга танитишнинг таъсирчан воситасидир. Бугун Бухорода ана шу имкониятни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган амалий ишлар кенгаймоқда.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси кўмагида вилоятда амалга оширилаётган “Tourist Friendly Restaurant” лойиҳаси доирасида ресторан раҳбарлари, ошпазлар ва официантлар учун семинар-тренинг ҳамда амалий мастер-класс ташкил этилди.
Тадбирнинг мазмун-моҳияти оддий бир ўқув машғулотидан анча кенг. Унинг замирида битта муҳим мақсад — Бухорога келган ҳар бир хорижий меҳмон ресторан остонасидан кирганидан то дастурхондан мамнун ҳолда чиқиб кетгунига қадар ўзини эркин, қулай ва қадрланган меҳмон сифатида ҳис этишини таъминлаш ғояси мужассам.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айлантириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, хизматлар сифатини ошириш ва миллий қадриятларни жаҳонга кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда Бухоронинг ўрни алоҳида. Чунки вилоятнинг туристик жозибаси унинг бой тарихи ва меъморий мероси билангина чекланмайди. Бухоро ошхонасида асрлар давомида шаклланган таомлар, тайёрлаш усуллари, маҳсулотлар уйғунлиги ва дастурхон маданиятининг ўзи ҳам катта туристик ресурсдир.

“Tourist Friendly Restaurant” лойиҳаси ана шу имкониятни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.
Лойиҳа доирасида иштирокчи ресторанларнинг концепцияси ва ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда махсус Tourist Friendly Menu, миллий гўштли таомлардан иборат Tourist Friendly Set Menu, шунингдек, хорижий меҳмонларнинг турли эҳтиёжларини инобатга олган Vegetarian Tourist Friendly Set Menu ишлаб чиқилиб, иштирокчиларга тақдим этилди. Бу ерда гап шунчаки янги меню яратиш ҳақида эмас. Асосий мақсад — миллий таомларни хорижлик меҳмонга тушунарли, қулай ва замонавий форматда тақдим этиш. Чунки хорижий сайёҳ учун таомнинг мазаси қанчалик муҳим бўлса, унинг таркиби, тайёрланиш усули, қандай истеъмол қилиниши ва ҳатто номининг тушунарли ифодаланиши ҳам шунчалик аҳамиятли.
Амалий мастер-класс давомида менюларга киритилган таомларни тайёрлаш технологиялари, уларни замонавий талаблар асосида безатиш ва сайёҳларга мос тарзда тақдим этиш усуллари намойиш этилди. Бу жараёнда ошпазнинг маҳорати билан бир қаторда таомни тақдим этиш маданиятига ҳам катта эътибор қаратилди. Зеро, сайёҳга миллий таомни тортиқ этиш — “мана, бу бизнинг таомимиз” дейиш билан чекланмайди. Унинг тарихи, ўзига хослиги, таркиби ва миллий маданиятдаги ўрни ҳақида қисқача, аммо қизиқарли маълумот бериш ҳам меҳмондўстликнинг бир қисми.
Шу боис ресторан официантлари учун ҳам махсус амалий тренинг ўтказилди. Унда туризмга мос менюларни тўғри тақдим этиш, миллий таомлар ҳақида қисқача маълумот бериш, set-менюларни тавсия қилиш, хорижий меҳмонлар билан мулоқот қилиш ва халқаро меҳмондўстлик стандартларига амал қилиш бўйича зарур кўникмалар шакллантирилди. Айниқса, сайёҳ билан мулоқот маданиятига эътибор қаратилиши лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан биридир. Чунки баъзан меҳмоннинг таом ҳақидаги таассуроти унинг таъмидан кўра, унга қандай муносабат билдирилгани билан белгиланади.
Замонавий сайёҳ ахборотни тез ва қулай олишни истайди. Шу нуқтаи назардан, тренинг жараёнида менюлардаги QR-кодлар орқали қўшимча маълумот тақдим этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бу оддий технологик янгиликдек кўриниши мумкин. Аммо унинг ортида катта имконият бор. Сайёҳ таомнинг таркиби, унинг хусусиятлари ёки бошқа қўшимча маълумотларни мустақил равишда олиши мумкин. Бу эса тил тўсиқларини камайтириш, хизмат кўрсатиш жараёнини енгиллаштириш ва меҳмонга танлов эркинлигини бериш имконини яратади. Шунингдек, меҳмонларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ҳам эътибордан четда қолмади. Зеро, туристик хизмат сифатини оширишнинг энг тўғри мезонларидан бири — хизматдан фойдаланган инсоннинг фикридир.
Бугун туризм соҳасида рақобат фақат тарихий обидалар ёки табиий манзаралар билан белгиланмайди. Сайёҳ қаерда ўзини қулай ҳис қилди, қаерда унга сифатли хизмат кўрсатилди, қаерда миллий маданиятни ҳис қилди — ана шу таассуротлар унинг кейинги танловига таъсир қилади.
Шу жиҳатдан қараганда, “Tourist Friendly Restaurant” лойиҳаси Бухоронинг туристик имижини янада бойитишга хизмат қилади. Энг муҳими, бу ташаббус миллий таомларни шунчаки истеъмол маҳсулоти сифатида эмас, балки миллий бренд ва маданий мерос сифатида тарғиб қилиш имконини беради.
Бугун Бухорога келган сайёҳ Регистон ёки Пои Калонни кўриб ҳайратланса, эртага Бухоро дастурхонидаги таомнинг таъми ва уни тақдим этган инсоннинг самимий муомаласини ҳам эслаб қолиши мумкин.
Чунки ҳақиқий туризм — инсонда хотира қолдириш санъатидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири