Ўзбекистон халқаро меҳмонхона операторлари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Мамлакатимизда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва халқаро меҳмонхона брендларини мамлакат бозорига жалб этиш бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов “Rotana Hotel Management Corporation” компанияси асосчиси Нассер Ал Новайс билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан музокара ўтказди.
Қайд этиш лозимки, “Rotana Hotel Management Corporation” 1992 йилда Абу-Дабида ташкил этилган бўлиб, Яқин Шарқдаги етакчи меҳмонхоналарни бошқариш компанияларидан бири ҳисобланади. Компания портфелида “Rotana Hotels & Resorts”, “Rayhaan Hotels & Resorts by Rotana”, “Arjaan Hotel Apartments by Rotana”, “Centro Hotels by Rotana”, “Edge by Rotana” ва “The Residences by Rotana” брендлари остида фаолият юритаётган ҳамда ривожлантириш босқичидаги 114 дан ортиқ объект мавжуд.
Учрашувда хорижий инвесторлар, халқаро меҳмонхона операторлари ва меҳмондўстлик саноатининг бошқа брендларида Ўзбекистон бозорида фаолият юритишга қизиқиш ортиб бораётгани таъкидланди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Дастлабки босқичда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги бир нечта меҳмонхонани “Rotana” компаниясининг оператив бошқарувига ўтказиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Келгусида ҳамкорликни мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам кенгайтириш имкониятларини ўрганиш режалаштирилган.
Шунингдек, меҳмондўстлик саноатининг турдош йўналишларидаги ҳамкорликка, жумладан, Ўзбекистонга машҳур халқаро ресторан брендларини жалб қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон делегациясининг халқаро “Arabian Travel Market” (ATM) туризм кўргазмасидаги иштироки доирасида “Fairmont Hotels and Resorts”, “Rove Hotels”, “Mandarin Oriental Hotel Group” каби етакчи халқаро меҳмонхона брендлари мутасаддилари ҳамда бошқа компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Мулоқотлар давомида мазкур брендларнинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда халқаро меҳмонхона операторларининг мамлакатимиздаги иштирокини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА