Ўрта Чирчиқда янги давр нафаси
Ҳудуд тараққиётини, аввало, унинг қиёфасидаги ўзгаришлардан англаш мумкин. Кечаги ва бугунги манзарани қиёслаганда янги йўллар, замонавий бинолар, обод маҳаллалар, ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш масканлари кўпайиб бораётгани кўзга ташланади.
Бироқ янгиланишнинг асл мазмуни бунёд этилган иншоотларда эмас. Унинг ҳақиқий натижаси одамларнинг кундалик ҳаётида, оилавий даромадларида, фарзандлари учун яратилаётган имкониятлардадир. Бугун Ўрта Чирчиқ туманида кечаётган жараёнларга ана шу нуқтаи назардан назар ташласак, ҳудуд янги тараққиёт босқичига қадам қўяётганини кўриш мумкин.
Жорий йил июль ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўрта Чирчиқ туманига ташрифи ҳудуд ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Давлат раҳбари иштирокида Тошкент – Самарқанд йўналишидаги янги пуллик автомобиль йўлининг туман ҳудудидаги қурилишига тамал тоши қўйилди. Бу лойиҳанинг аҳамиятини фақат транспорт қатновини яхшилаш билан изоҳлаш камлик қилади. Чунки йўл иқтисодий тараққиётнинг ҳам муҳим инфратузилмасидир. Транспорт имкониятлари яхшиланган ҳудудга сармоя киритиш, маҳсулот ташиш, хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш учун имкониятлар ҳам ортади.

Бундан ташқари, Тошкент – Нурафшон А-373 ва Тошкент катта ҳалқа йўллари кесишмасида, Бектемир ва Ўрта Чирчиқ туманлари туташган ҳудудда 14,1 гектар майдонда барпо этилган янги йўл ўтказгич ҳам шу мақсадларга хизмат қилади. Демак, бугун қурилаётган йўл нафақат транспорт инфратузилмаси, балки эртанги иқтисодий фаоллик учун ҳам яратилаётган янги имкониятдир.
Туман тараққиётини йирик лойиҳалар билангина ўлчаб бўлмайди. Чунки аҳоли учун фаровонлик, аввало, яшаш жойидаги оддий, аммо муҳим қулайликлардан бошланади. Жорий йилда Ўрта Чирчиқда 51,7 километрдан зиёд ички йўлнинг таъмирлангани, қарийб 10 километр ичимлик суви тармоқларининг янгилангани ана шу эҳтиёжларга амалий жавоб бўлмоқда.

Аслида йўлнинг равонлиги, ичимлик сувининг барқарорлиги, маҳалланинг ободлиги – аҳолининг кундалик турмушига бевосита таъсир қиладиган омиллар. Шунингдек, иккита мактабнинг замонавий талаблар асосида реконструкция қилиниши таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш баробарида, фарзандлар учун муносиб таълим муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Хусусан, давлатимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида Ўрта Чирчиқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳамда “Тошкент сув таъминоти” АЖнинг туман бўлими учун янги биноларнинг фойдаланишга топширилгани ҳам ҳудуд инфратузилмасини янгилаш жараёнининг бир қисми бўлди. Айниқса, Ўрта Чирчиқнинг келажак қиёфасини белгилаши мумкин бўлган яна бир муҳим йўналиш Қорасув канали соҳилларини ободонлаштириш режасидир. Бу ердаги замонавий дам олиш масканлари, гастрономик ва кўнгилочар ҳудудлардан аҳоли мамнун.

– Илгари бу жойлар қаровсиз ҳолатда эди, – дейди “Тинчлик” МФЙ раиси Равшанбек Ҳайдаров. – Мен 60 йилдан бери шу манзилда яшайман. Бироқ “Зарбдор тажрибаси” асосида бошланган саъй-ҳаракатлар туфайли бу жойлар обод бўлди. Аҳоли ҳам хурсанд. Кексалар, болаларнинг сайр қилиши, вақтини мазмунли ўтказиши учун шароит қилинди. Кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Бундай лойиҳаларнинг аҳамияти икки жиҳатда намоён бўлади. Биринчидан, аҳоли учун замонавий дам олиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш имкониятлари кенгаяди. Иккинчидан, янги хизмат турлари ва тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлиши учун шароит яратилади. Натижада ободонлаштириш иқтисодий фаоллик билан уйғунлашади.

Ўрта Чирчиқдаги иқтисодий ўзгаришларнинг яна бир муҳим кўрсаткичи – инвестиция лойиҳаларининг кўламидир. Байрам арафасида туманда 9 та саноат корхонаси ва 31 та хизмат кўрсатиш лойиҳаси ташкил этилгани ҳудудда ишбилармонлик муҳити тобора фаоллашаётганини кўрсатади.
Айни пайтда хорижий инвесторлар иштирокида умумий қиймати 219 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳар қандай инвестициянинг энг муҳим ижтимоий натижаси эса янги иш ўринларидир.

Янги иш ўрни – оила учун барқарор даромад. Аҳоли турмуш сифатининг яхшиланиши эса жамиятда ижтимоий барқарорлик ва эртанги кунга ишончни мустаҳкамлайди. Шу жиҳатдан, Ўрта Чирчиқда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг иқтисодий пойдевори сифатида баҳолаш мумкин.
Замонавий корхоналар, янги инфратузилма ва сармоя лойиҳалари қанчалик кўп бўлмасин, уларни ҳаракатга келтирадиган асосий куч билимли, касб-ҳунарли ва ташаббускор инсонлардир. Шу боис туманда ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар алоҳида аҳамият касб этади.

Бугун ўз бизнесини бошлаётган ёш ёки оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар нафақат ўз оиласи даромадини оширади. У янги хизмат ёки маҳсулот яратиб, бошқалар учун ҳам иш ўрни ташкил этиши мумкин. Шу маънода инсонга киритилган сармоянинг самараси кўп қиррали ва узоқ муддатлидир.
Бугун Янги Ўзбекистон ҳақида сўз борганда, бу тушунчани фақат пойтахт ёки йирик шаҳарлар билан боғлаш тўғри эмас.
Янги Ўзбекистон қиёфаси маҳаллалардаги ўзгаришларда, замонавий мактабларда, сифатли йўлларда, тоза ичимлик суви тармоқларида, янги корхоналарда, иш билан таъминланган оилаларда намоён бўлади. Ўрта Чирчиқда амалга оширилаётган ишлар ҳам ана шу жараённинг бир қисми.
Таҳлилларга кўра, жойларда 51,7 километрдан зиёд таъмирланган ички йўллар, қарийб 10 километр янгиланган ичимлик суви тармоқлари, реконструкция қилинган мактаблар, 9 та янги саноат корхонаси, 31 та хизмат кўрсатиш лойиҳаси ва хорижий инвесторлар иштирокидаги 219 миллион долларлик лойиҳалар қилинди. Бир қарашда булар – иқтисодий ва инфратузилмавий кўрсаткичлар. Аслида эса уларнинг ҳар бири ортида инсон тақдири, оила манфаати ва аҳоли турмуши билан боғлиқ аниқ натижа бор.
Бугун бошланган ҳар бир лойиҳа эртага ўз самарасини беради. Шу маънода Ўрта Чирчиқнинг бугунги қиёфаси – катта ўзгаришлар йўлидаги муҳим манзилдир.
А. Мусаев, ЎзА