Оролбўйи минтақаси: барқарор тараққиёт сари йўл
Бугун Оролбўйи муаммолари нафақат минтақа мамлакатлари, балки халқаро ҳамжамиятнинг эътибор марказида турган долзарб масалалардан биридир. Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган ишлар мавжуд экологик, ижтимоий, иқтисодий муаммоларни юмшатишда муҳим ўрин тутади. Бу борада Ўзбекистон Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Муслим Эргашбоев Оролбўйини экологик жиҳатдан тиклашда эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Яқин ўтмишда Орол денгизи дунёдаги энг йирик ички сув ҳавзаларидан бири сифатида эътироф этилар эди. У нафақат ривожланган балиқчилик тармоғининг асоси, балки минтақа иқлимини барқарорлаштирувчи муҳим табиий омил ҳамда Марказий Осиёда яшовчи миллионлаб аҳоли учун фаровонлик манбаи бўлган.
Сўнгги йилларда Оролбўйи муаммоларига халқаро ҳамжамият эътибори сезиларли даражада ортди. Давлатимиз томонидан экотизимларни тиклашга қаратилган кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда, халқаро ташкилотлар эса сув ресурсларини самарали бошқариш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда.
Шу билан бирга, минтақа олдида турган экологик, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳали ҳам ўта мураккаблигича қолмоқда. Уларни ҳал этиш алоҳида лойиҳалар билан чекланиб қолмасдан, интеграциялашган, комплекс ва узоқ муддатли ёндашувларни талаб этади.
Оролбўйини экологик жиҳатдан тиклашнинг устувор йўналишларидан бири денгизнинг қуриган тубини кўкаламзорлаштириш ҳисобланади. Айниқса, саксовул экиш ишлари экологик ҳалокат оқибатларини юмшатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Саксовулнинг чуқур ва бақувват илдиз тизими қумли тупроқларни мустаҳкамлайди, туз ва чанг бўронлари тарқалишини чеклайди ҳамда табиий экотизимларнинг босқичма-босқич тикланишига хизмат қилади.
Бироқ, мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини баҳолашда фақат кўкаламзорлаштирилган майдонлар ҳажми билан чекланиш тўғри эмас. Асосий эътибор кўчатларнинг яшовчанлик даражаси, туз ва чанг тарқалишининг камайиши, ҳаво сифати яхшиланиши ҳамда бу ўзгаришларнинг аҳоли саломатлигига кўрсатаётган таъсири каби натижавий кўрсаткичларга қаратилиши лозим. Ана шундагина кўкаламзорлаштириш тадбирлари бир марталик экологик акция эмас, балки Оролбўйининг барқарор тараққиётига хизмат қилувчи узоқ муддатли ва самарали механизмга айланади.
Экологик тикланиш билан бир қаторда минтақа иқтисодиётини ривожлантириш ҳам устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Агар аҳоли муносиб меҳнат қилиш имконияти ва барқарор даромад манбаларига эга бўлмаса, экологик тикланишнинг ўзи миграция жараёнларини тўлиқ бартараф эта олмайди. Шу сабабли Оролбўйини ривожлантириш дастурлари нафақат табиатни муҳофаза қилишга, балки инвестицияларни жалб этиш, иқтисодий фаолликни кучайтириш ва янги иш ўринларини яратишга ҳам хизмат қилиши зарур.
Оролбўйининг барқарор ривожланиши экологик муаммоларнинг трансчегаравий хусусиятини инобатга олган ҳолда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни тақозо этади. Чунки Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, гидрологик маълумотлар алмашиш, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда экологик лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамжиҳатлигига боғлиқ.
Сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳам бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Ирригация тармоқларини рақамлаштириш, замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш ва сув ҳисобини автоматлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, фақат инфратузилмани янгилаш орқали кутилган натижага эришиб бўлмайди. Бунинг учун жамиятда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ҳам бирдек муҳимдир.
Экологик масъулиятни кучайтиришда маҳалла ва фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур. Маҳалла тизими орқали аҳоли ўртасида сув ва электр энергиясини тежаш, чиқиндиларни саралаш, маиший чиқиндилар ҳамда хазонни ёқмаслик, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш каби экологик одатларни кенг тарғиб этиш мумкин.
Оролбўйини барқарор ривожлантиришда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда экология, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим, ижтимоий ҳимоя ва иқтисодий тараққиёт соҳаларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар аксарият ҳолларда алоҳида йўналишлар сифатида ташкил этилмоқда. Ваҳоланки, Оролбўйи шароитида мазкур соҳалар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларни ягона ёндашув асосида мувофиқлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан барча манфаатдор идоралар фаолиятини уйғунлаштирувчи, масъулият ва ваколатлар аниқ белгиланган ҳамда натижаларни баҳолашнинг ягона механизмига эга бўлган идоралараро бошқарув тизимини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ.
Оролбўйини ривожлантириш сиёсатида аҳолининг иштирокини кенгайтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Кейинги йилларда жамоатчилик муҳокамалари амалиёти кенгайган бўлса-да, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳали ҳам ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш жараёнида етарлича иштирок этмаяпти. Ҳолбуки, сув танқислиги, ерларнинг деградацияси, бандлик ва соғлиқни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни энг яхши биладиган ҳам айнан шу ҳудуд аҳолисидир. Шунинг учун аҳолини фақат ижтимоий ёрдам олувчи субъект сифатида эмас, балки амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида кўриш мақсадга мувофиқ. Бу эса давлат дастурларининг самарадорлиги ва аҳоли ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Рақамли технологияларни давлат бошқарувига кенг жорий этиш ҳам Оролбўйини ривожлантириш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Замонавий ахборот технологиялари экологик ва ижтимоий муаммоларни тезкор аниқлаш ҳамда уларга ўз вақтида чора кўриш имконини беради. Шу нуқтаи назардан, аҳоли сув танқислиги, ерларнинг деградацияси, ноқонуний чиқиндихоналар, яшил ҳудудларнинг қисқариши ёки бошқа экологик муаммолар ҳақида маълумот юбориши мумкин бўлган ягона рақамли платформани жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Экологик волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш ҳам катта имкониятларга эга. Бугунги кунда ёшлар фақат тозалаш ёки дарахт экиш тадбирларида иштирок этиш билан чекланиб қолмасдан, экологик мониторинг, аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш, рақамли экологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда инновацион ечимлар ишлаб чиқишда ҳам фаол қатнашиши мумкин. Бу эса табиатни муҳофаза қилишни ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулияти сифатида қабул қиладиган янги авлодни шакллантиришга хизмат қилади.
Марказий Осиё аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этишини инобатга олган ҳолда, уларнинг минтақа экологик келажагини белгилашдаги иштирокини янада кучайтириш зарур. Шу мақсадда Youth Council for the Aral Sea халқаро ёшлар маслаҳат кенгашини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Мазкур платформа Марказий Осиё мамлакатларининг ёш олимлари, экологлари, волонтёрлари, олий таълим муассасалари ва ёшлар ташкилотлари вакилларини бирлаштириб, қўшма ташаббуслар ишлаб чиқиш, трансчегаравий экологик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда барқарор ривожланиш тамойилларини илгари суриш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга, мазкур кенгаш халқ дипломатиясининг замонавий институти сифатида экологик масалалар бўйича ёшларнинг фикри ва ташаббусларини давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик жараёнларига кенг жалб этиш имконини беради.
Оролбўйининг истиқболли ривожланиш йўналишларидан яна бири экологик туризмни кенгайтириш ҳисобланади. Бугунги кунда Мўйноқ, асосан, экологик ҳалокат рамзи сифатида танилган бўлса-да, мавжуд табиий ва тарихий салоҳиятдан оқилона фойдаланиш орқали ушбу ҳудудни халқаро илмий ва экологик туризм марказларидан бирига айлантириш мумкин. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий аҳоли даромадларини ошириш ҳамда Оролбўйининг халқаро имижини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшади.
Оролбўйини барқарор ривожланиш самарадорлигини холис баҳолаш мақсадида ҳудуднинг Барқарор ривожланиш индексини жорий этиш мақсадга мувофиқ. Мазкур индекс амалга оширилган тадбирлар ёки ўзлаштирилган маблағлар ҳажмини эмас, балки аҳоли ҳаётида юз бераётган реал ижобий ўзгаришларни акс эттирувчи кўрсаткичларга асосланиши лозим. Жумладан, ичимлик суви сифати, аҳоли саломатлиги, бандлик даражаси, экологик ҳолат, «яшил иқтисодиёт»нинг ривожланиш суръатлари, фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштироки ҳамда давлат хизматлари сифатидан қониқиш даражаси каби мезонлар мазкур индекснинг асосий таркибий қисмини ташкил этиши муҳим аҳамият касб этади. Бу эса амалга оширилаётган давлат сиёсатининг натижадорлигини холис баҳолаш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва истиқболли йўналишларни илмий асосда белгилаш имконини беради.
Оролбўйи XX асрнинг энг йирик экологик ҳалокатларидан бири сифатида инсоният тарихидан ўрин олди. Бироқ, бугун мазкур ҳудуд олдида мутлақо янги истиқболлар очилмоқда. Агар экологик тикланиш иқтисодий тараққиёт, ижтимоий фаровонлик, замонавий бошқарув, инновациялар ва самарали минтақавий ҳамкорлик билан уйғунлаштирилса, Оролбўйи XXI асрда муваффақиятли экологик трансформация намунасига айланиши мумкин.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА