Фермерларнинг қарзи ундириб берилди
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан фуқароларимизга қулайлик яратиш мақсадида туманларнинг олис ҳудудларида жойлашган, шунингдек Бюро органларига келишга қийналадиган шахсларнинг мурожаатларини жойида ва масофадан туриб, онлайн-тарзда қабул қилиб, кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган.
Хусусан, тузилган режа-жадвал асосида ҳудудларда бевосита бошқарма бошлиғининг иштирокида сайёр қабуллар ташкиллаштирилмоқда.
Шундай сайёр қабуллардан бири Тахтакўпир тумани Ёшлар маркази биносида бўлиб ўтди ва унда жами ундан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди. Уларнинг 8 таси жойида ҳал қилинган бўлса, қолганлари алоҳида назоратга олиниб, қонуний ҳал қилиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Масалан, сайёр қабул давомида, туманда фаолият юритаётган 38 та фермер хўжалиги раҳбари, ўзлари томонидан етиштирилган пахта хомашёси учун “Agroworld Agrikultural Cluster” масъулияти чекланган жамиятидан олиши лозим бўлган жами 1,8 миллиард сўм пулини ундириб беришни сўраб мурожаат қилган. Ушбу мурожаат алоҳида назоратга олиниб, қарзларни ундиришнинг барча қонуний чораларини кўриш ҳақида Бюронинг Тахтакўпир туман бўлими ходимларига топшириқ берилган.
Бўлим ходимлари томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракати натижасида, фермер хўжаликлари фойдасига ундирилиши лозим бўлган1,8 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик шу куннинг ўзида тўлиқ ундирилиши таъминланиб, фермерларнинг бузилган ҳуқуқи тикланди.
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғининг сайёр қабуллари ҳудудларда давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири