Ўқитувчи ўқитувчини ривожлантиради: Ўзбекистон мактабларида янги касбий ҳамжамият шаклланмоқда
Тошкентда “Мактаб чемпионлари” лойиҳасининг янги босқичи доирасидаги семинар давом этяпти. Тадбирда мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган мактаб раҳбарлари ва инглиз тили ўқитувчилари касбий ривожланишни кундалик таълим жараёнига сингдириш усулларини муҳокама қилмоқда.
Бугун асосий эътибор назарий маълумотдан кўра, ўқитувчи тажрибаси таҳлили, ҳамкасблар билан билим алмашиш ва жараённи мактаб миқёсида йўлга қўйишга қаратилди. Яъни, CPD – узлуксиз касбий ривожланиш фақат курс ёки бир марталик тренинг эмас, балки ўқитувчининг доимий касбий эҳтиёжи сифатида кўрилмоқда.

Навбатдаги босқичга мамлакат бўйлаб 42 мактаб жалб этилган. Сараланган педагоглар бир йил давомида шахсий ривожланиш жараёнини шакллантиради, мактабда ҳамкасблари учун CPD машғулоти ўтказади ва янги ёндашувларни амалиётга татбиқ этишда уларга кўмаклашади. Шу тариқа бир ўқитувчида шаклланган тажриба бошқаларга ҳам ўтиб, бутун мактаб жамоаси ривожланади.

Бундай ёндашувнинг яна бир муҳим жиҳати – мактаб раҳбарларининг жараёндаги иштироки. Зеро, касбий ривожланишни фақат ўқитувчининг шахсий ташаббусига қолдириб бўлмайди. Тараққиёт мактаб муҳити, раҳбарият қўллови ва ҳамкасблар тажриба алмашинуви билан уйғунлашгандагина тизимли тус олади.

2023 йил бошланган “Мактаб чемпионлари” лойиҳасига ҳозиргача турли ҳудудлардан 260 давлат мактаби қўшилган. 1400 инглиз тили ва бошқа фан ўқитувчиси жами 4500 дан зиёд CPD тадбирида иштирок этган.

Ташкилотчилар таъкидлашича, шаклланаётган асосий натижа рақамда эмас, балки ўқитувчилар ҳамжамиятида намоён. Ҳудудларда ишлаётган педагоглар методик тажрибани ўзаро бўлишиб, бир-биридан ўрганмоқда. Янги 42 нафар “мактаб чемпионлари” қўшилиши эса тармоқни янада кенгайтирди.

Британия кенгаши томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа Марказий Осиёда инглиз тили ўрганилишини жадаллаштиришга қаратилган “AELLCA” таркибига киради. Ушбу дастур юртимиз инглиз тили ўқитувчилари салоҳиятини ошириш ва мактабларда узлуксиз ўзлаштириш муҳитини шакллантиришга қаратилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА