Ўн кунда 180 дан зиёд мигрант йўқолди
Сўнгги 10 кун ичида Ўрта ер денгизида 180 дан ортиқ мигрант ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Бу ҳақда “International Organization for Migration” хабар берди. 2026 йил бошидан бери эса қурбонлар сони қарийб 1000 нафарга етган. Мутахассислар ҳозирги вазиятни сўнгги йиллардаги энг оғир синовлардан бири деб баҳоламоқда.
БМТ маълумотига кўра, охирги фожиа Ливиядан 120 кишини олиб чиққан қайиқ билан боғлиқ. Ўша бахтсиз ҳодиса юз берган куни қайиқ ўта ноқулай об-ҳаво таъсирида ағдарилиб кетган. 32 нафар инсон қутқариб қолинган ва Италиянинг Лампедуза оролига етказилган. 80 дан ортиқ муҳожирнинг тақдири эса номаълум. Афсуски, яна кўплаб ҳалокатлар ҳам қайд этилган.
Ҳалокатли воқеаларнинг асосий сабаби сифатида техник носозлик, ёнилғи етишмаслиги ва оғир шароит кўрсатилмоқда. Кўпинча одамлар қутқарувчилар келгунча совуқ ёки очликдан вафот этади. Умуман, Ўрта ер денгизи ҳануз дунёдаги энг хавфли миграция йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳудуд бўйлаб сафар минглаб одамлар ҳаётини хавф остига қўймоқда.
БМТ вакиллари вазиятни яхшилаш учун халқаро ҳамжамиятни тезкор чоралар кўришга чақирмоқда. Жумладан, одам савдоси билан шуғулланувчиларга қарши курашни кучайтириш кераклиги таъкидланмоқда. Қолаверса, қонуний ва хавфсиз миграция тизимини такомиллаштириш муҳимлиги айтиляпти. Акс ҳолда, бундай фожиалар давом этаверади.
Мусулмон Зиё, ЎзА