Олтинсой янги босқичда ривожланаётган туманга айланмоқда
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида ҳудуднинг иқтисодий ўсишини таъминлаш бўйича жорий йил биринчи чорак якунлари ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этган тадбирда туман ҳокими Отабек Мавлянов йилнинг дастлабки чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
– Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизни янги босқичда ривожлантиришга қаратилаётган эътибор юртимизнинг бошқа ҳудудлари сингари Олтинсой туманини ҳам ҳар тарафлама юксалтиришга хизмат қилмоқда, – деди туман раҳбари. – Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ижобий ўсиш суръатлари таъминланди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 84,4 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105 фоиз ўсди. Хусусан, тумандаги иккита тошкўмир қазиб олиш корхонаси 11,5 миллиард сўм, учта вино ишлаб чиқарувчи корхона 8,5 миллиард сўм, Оқарбулоқ маҳалласидаги ун ва кепак маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонасидаги корхона 2,5 миллиард сўмлик, бошқа саноат йўналишларида 61,9 миллиард сўмлик турли рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарди.

Инновацион туманнинг инвестиция дастури доирасида ҳудудга 17,7 миллион доллар қийматидаги хорижий инвестиция жалб этилди. 10 та янги лойиҳа ишга туширилиб, 29 та янги иш ўрни яратилди. Туманнинг экспорт ҳажми 3,8 миллион долларни ташкил этиб, ўсиш суръати 148 фоизга етди. Ёки дунёнинг турли давлатларига 88 минг долларлик саноат, 3,7 миллион доллар қийматидаги мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.
Йилнинг дастлабки чорагида бюджетга 12,2 миллиард сўм тушум таъминланиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 139,3 фоизга ошди. 861 нафар вақтинча ишсиз кишининг бандлиги таъминланди. 4 минг 519 нафар аҳоли тадбиркорликка жалб этилди.

Тадбирда туманда амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар, боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар, камбағалликни қисқартириш ва келгуси режалар тўғрисида ҳам атрофлича фикр алмашилди. Хусусан, йил якунигача саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 486,4 миллиард сўмга етказилади. Ишга туширилган саноат лойиҳалари қуввати оширилади. Янгидан 8 та саноат лойиҳаси ишга тушади. Паст қувватда ишлаётган ва фаолият кўрсатмаётган корхоналар қайта тикланади. Бюджетга 51,1 миллиард сўм солиқ тушумлари таъминланади. Реестрдаги 1 минг 491 нафар аҳоли даромади оширилиб, 759 та камбағал оила манзилли қўллаб-қувватланади ва туманнинг камбағаллик даражаси 4,1 фоиздан 2,5 фоизгача туширилади. 923 нафар аҳоли бандлиги таъминланиб, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб учун кредит ва субсидиялар ажратилади.
Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА