Сайёр қабул: талабаларга ваучер берилди
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Тахиатош туманидаги 7-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида сайёр қабул ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Ўтемисов, Тахиатош тумани ҳокими И.Сдиков, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарат раҳбари А.Айбергенов, туман прокурори А.Кипшакбаев, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Ш.Исмоилов ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Сайёр қабул аҳоли билан очиқ мулоқот, муаммоларни жойида ўрганиш ва уларга амалий ечим топиш мақсадида ташкил этилди. Қабул давомида фуқароларнинг бандлик, уй-жой, коммунал хизмат, тиббиёт, таълим, тадбиркорлик, ижтимоий ёрдам ва маҳалла инфратузилмаси билан боғлиқ мурожаатлари қабул қилинди.
Айниқса, аҳолини қийнаётган масалаларни ортиқча оворагарчиликсиз ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Масъул ташкилотлар, депутатлар ва мутасаддилар иштирокида ҳар бир мурожаат атрофлича муҳокама қилиниб, қатор масалаларга шу жойнинг ўзида ечим топилди. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар эса қатъий назоратга олинди.
Сайёр қабулда 150 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, улардан 80 га яқин мурожаат келиб тушди. Энг муҳими, қабул амалий натижалари билан аҳолида катта ишонч уйғотди. Жумладан, ижтимоий реестрда турган 8 нафар фуқаро иш билан таъминланди. 7 нафар ёшга олий таълим муассасалари контракт тўловини амалга ошириш учун ваучер топширилди. Шунингдек, 3 нафар фуқарога ўзини ўзи банд қилиш мақсадида қушчилик йўналишида инкубатор ажратилиши белгиланди.
ЎзЛиДеП томонидан ташкил этилаётган бу каби очиқ мулоқотлар аҳолининг дардини эшитиш, муаммоларни жойида ҳал қилиш ва халқ розилигини таъминлашда муҳим майдонга айланмоқда. Амалий натижа берган мазкур сайёр қабул фуқароларда қизиқиш ва ишончни янада кучайтирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.