“Оиламиз — келажагимиз” ойлиги ўтказилмоқда
Жорий йилнинг май ойида “Оиламиз — келажагимиз” ойлиги ўтказиляпти. Мазкур ойликдан кўзланган асосий мақсад фаровон ва барқарор оилаларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштириш, ёшларни оилавий ҳаётга масъулият билан тайёрлаш, маҳалла ва жамиятда оила муқаддаслигига бўлган муносабатни янада юксалтиришдан иборат.
15 май - Халқаро оила куни муносабати билан мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш, ёш авлод онгида соғлом оила, масъулиятли ота-оналик ва ўзаро ҳурмат маданиятини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли тадбирлар бўлиб ўтади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 апрелдаги тегишли мажлис баёнида Халқаро оила кунини кенг нишонлаш ҳамда май ойи давомида “Оиламиз - келажагимиз” ойлигини юқори савияда ўтказиш белгиланган.
Ушбу тадбирларда, аввало, ибратли оилалар тажрибасини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади. Ёш авлодга оила фақат шахсий ҳаёт масаласи эмас, балки жамият олдидаги масъулият, келажак авлод тақдирига дахлдор муқаддас қадрият экани турли тадбирлар орқали кенг тушунтирилади.
Ойлик доирасида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Танлов доирасида оилаларнинг ҳаётий тажрибаси, фарзанд тарбиясига ёндашуви, оиладаги маънавий муҳит, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат анъаналари кенг ёритилади.
Жумладан, оилавий ҳаётда садоқат, ўзаро ҳурмат, фарзанд тарбиясида масъулият, маҳалла ва жамоат ишларида фаоллик, миллий қадриятларга содиқлик каби фазилатлари билан намуна бўлаётган оилаларни “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш маросимлари ўтказилади. Айтиш керакки, 2025 йилда 2000 та оила “Ибратли оила” кўрак нишонига муносиб кўрилди.
Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларда соғлом оилавий муҳит, масъулиятли ота-оналик, ўзаро ишонч ва меҳр-оқибат тамойилларини мустаҳкамлаш мақсадида “Энг намунали ёш оила” танлови ўтказилади.
Ойлик давомида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбий оилалари” кўрик-танловини ташкил этиш ҳам белгиланган. Ушбу ташаббус Ватан ҳимоячилари оилаларидаги фидойилик, сабр-матонат ва ибратли тарбия муҳитини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистонда фаровон оила модели: миллий тажриба, илмий таҳлил ва инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Анжуманда оила институтини мустаҳкамлаш, замонавий оила моделини шакллантириш, миллий қадриятлар ва илмий ёндашувлар уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, оилавий муносабатларда барқарорлик ва фаровонликни ошириш масалалари муҳокама қилинади.
Ойлик доирасида “Билимли аёл – мустаҳкам оила гарови” шиори остида хотин-қизларни таълимга кенг жалб этишга қаратилган тадбирлар, “Оила — муқаддас қўрғон”, “Оилавий анъаналар — маънавий мерос”, “Ота ва она — оила таянчи”, “Фарзанд тарбияси — келажак пойдевори”, “Оилада соғлом муҳит ва ўзаро ҳурмат” каби мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари ва маънавий-маърифий мулоқотлар ўтказилади. Таълим муассасаларида ёшлар билан оилага тайёргарлик, масъулиятли никоҳ, оилада ўзаро ишонч ва ҳурмат, ота-оналик бурчи, миллий қадриятлар ва замонавий ҳаёт уйғунлиги ҳақида очиқ мулоқотлар ташкил этилади.
Маҳаллаларда эса “Аҳил оила кунлари” доирасида оилавий ажрим билан боғлиқ муаммоларни барвақт аниқлаш, низоли оилалар билан индивидуал ишлаш, ҳуқуқий, психологик, тиббий ва педагогик маслаҳатлар бериш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий тадбирлар ўтказилади.
Музейлар, маданий масканлар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳларга оилавий саёҳатлар уюштириш, “Оилавий ҳунармандчилик”, “Авлодлар давомийлиги”, “Оилада миллий анъаналар”, “Қадриятлар — оила безаги” каби мавзуларда кўргазмалар ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Шу билан бирга, хотин-қизлар ва оналарнинг маънавий-маърифий фаоллигини ошириш мақсадида “Китобхон оналар куни” лойиҳаси доирасида китобхонлик тадбирлари, оилавий мутолаа кечалари, оналар ва қизлар иштирокида адабий учрашувлар ташкил этилади.
Н.Усмонова,
ЎзА