Огоҳлик ва профилактика — энг муҳим ҳимоя
Бугунги глобаллашув ва аҳоли миграцияси жадаллашган даврда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, юқумли касалликларнинг олдини олиш масаласи дунё ҳамжамияти олдидаги долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Шундай касалликлардан бири — ОИВ/ОИТС бўлиб, унинг тарқалишини чеклаш нафақат тиббиёт соҳаси, балки бутун жамиятнинг ҳамкорлиги ва масъулиятини талаб этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, эрта ташхис қўйиш, профилактик чора-тадбирларни кучайтириш ҳамда беморларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ҳудудларда аҳолини оммавий скринингдан ўтказиш, хавф гуруҳлари билан манзилли ишлаш ва ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тошкент вилоятида ҳам ОИВ инфекциясига қарши курашиш, унинг олдини олиш ва аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2026 йил 1 март ҳолатига кўра, вилоятда 7 минг 790 нафар шахс ОИВ инфекцияси билан яшамоқда. Уларнинг 52,1 фоизи эркаклар, 47,8 фоизи аёллардир. Шунингдек, 18 ёшгача бўлган болалар сони 165 нафарни ташкил этмоқда.

ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахсларнинг 90,1 фоизи диспансер назоратига олинган бўлса, 84,7 фоизи вирусга қарши махсус дори воситалари билан даволанмоқда. Бу эса касалликни назорат қилиш ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишлар самарасини кўрсатади.
— Таҳлилларимизга кўра, 2025 йил давомида вилоятнинг чекка ҳудудларида ОИВ инфекцияси юқиши эҳтимоли юқори бўлган аҳоли қатламлари орасида профилактик тадбирлар кучайтирилди, — дейди Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассиси Аҳмаджон Аитбоев. — Жумладан, 8 минг 144 нафар фуқаро экспресс тест орқали ОИВ инфекциясига текширилди. Шу билан бирга, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ хавф омилларини камайтириш мақсадида 15 минг 920 нафар мигрант рўйхатга олиниб, уларнинг 11 минг 411 нафари тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширувлар натижасида 33 нафар мигрантда ОИВ инфекцияси аниқланди.

Ҳисобот даврида вилоят бўйича жами 298 минг 212 нафар фуқаро ОИВ инфекцияси бўйича текширувларга жалб этилди. Улардан 106 минг 31 нафари эркаклар, 192 минг 181 нафари аёллардир. Натижада 598 нафар фуқарода ОИВ инфекцияси аниқланган.
ОИВ инфекцияли оналардан туғилган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам доимий эътиборда. Хусусан, диспансер назоратида турган ОИВ инфекцияли ҳомиладор аёллардан туғилган чақалоқларни қуруқ сут аралашмалари билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бу маҳсулотлар Республика ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан марказлашган тартибда етказиб берилмоқда.

Аҳоли ўртасида профилактика ишларини кенгайтириш мақсадида шаҳар ва туманлардаги деҳқон бозорларида, вақтинчалик иш билан таъминлаш нуқталарида ҳам турли акциялар ташкил этилди. Ушбу тадбирлар доирасида минг нафарга яқин кўнгилли фуқаролардан экспресс тест намуналари олинди ва профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги даволаш-профилактика муассасалари патронаж ҳамширалари, мактаб ҳамширалари учун махсус семинарлар ташкил этилиб, улар томонидан маҳаллаларда меҳнат мигрантлари, вақтинча ишсизлар, никоҳланувчилар, ҳомиладор аёллар ва ёш оилалар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Мактабларда эса юқори синф ўқувчилари иштирокида ОИВ/ОИТС профилактикасига бағишланган суҳбатлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар учун ҳам профилактик тадбирлар ўтказилди.
Жаҳон ОИТСга қарши курашиш куни муносабати билан олий таълим муассасалари, техникумлар, умумтаълим мактаблари, деҳқон бозорлари, даволаш муассасалари, масжидлар ва бошқа жамоат жойларида турли тадбирлар ташкил этилди. Уларда 3 минг 500 нафардан зиёд иштирокчи қамраб олинди ҳамда аҳолига тарғибот ва кўргазмали материаллар тарқатилди.
Мутахассислар таъкидлашича, ОИВ инфекциясига қарши курашишда энг муҳим омил аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, мунтазам текширувдан ўтиш ва касаллик ҳақидаги нотўғри тушунчаларни бартараф этишдир. Зеро, соғлом жамият ҳар бир фуқаронинг масъулияти ва бефарқ бўлмаган муносабатидан бошланади.
А.Мусаев, ЎзА