Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи АҚШ китоб бозорида
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг машҳур “Улуғбек хазинаси” романининг иккинчи қисми инглиз тилига таржима қилиниб, АҚШнинг Amazon савдо платформасида сотувга чиқарилди.
Бу янгилик адиб таваллудининг 100 йиллиги арафасида эълон қилинди.
Маълумки, “Улуғбек хазинаси” – Мирзо Улуғбек ҳаётининг сўнгги даври, унинг илм-фан йўлидаги фаолияти, тахт учун курашлар ва маънавий мерос тақдири ҳақидаги тарихий роман. Асарда илм ва жаҳолат, ҳокимият ва адолат ўртасидаги зиддиятлар ёритилган.
Романнинг инглиз тилида нашр этилиши ўзбек адабиётининг халқаро китоб бозорига чиқиши ва хорижлик китобхонларни мамлакатимиз тарихи билан таништириш учун яна бир имкониятдир.
Шунингдек, адибнинг 17 жилдлик асарлари ҳам нашр этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, ёзувчининг 100 йиллиги муносабати билан “INFO KAPITAL BOOKS” нашриёти унинг танланган асарларини лотин ва кирилл ёзувларида жами 10 минг нусхада чоп этди.

Тўпламдан “Диёнат”, “Кўҳна дунё”, “Оқ қушлар, оппоқ қушлар”, “Адолат манзили”, “Эр бошига иш тушса”, “Қайдасан, Морико” ва бошқа машҳур асарлар ўрин олган.
Маълумот учун: Одил Ёқубов 1926 йил 20 октябрда туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби бўлган адиб ўзбек адабиётида тарихий романчилик ва ижтимоий-психологик наср ривожига катта ҳисса қўшган. У 2009 йилда вафот этган.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА