“Маҳорат мактаби” тингловчилари ҳарбий медиамарказда
“Олимжон Ўсаров маҳорат мактаби” тингловчилари учун навбатдаги машғулот одатий аудиторияда эмас, балки ҳарбий журналистика ва медиа ижоднинг қайноқ маркази – Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият марказида бўлиб ўтди.
Назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштирган мазкур машғулот иштирокчиларга нафақат янги билим ва кўникмалар, балки унутилмас таассуротлар ҳам улашди.
Ташриф давомида тингловчилар миллий армиямиз ҳаётини кенг ёритиб келаётган “Ўзбекистон армияси” ва “Ватанпарвар” кўрсатувлари, шунингдек, тобора оммалашиб бораётган “Қароргоҳ” подкасти тасвирга олинадиган студиялар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Кадрлар ортидаги ижодий жараёнларни кузатиш баробарида тажрибали режиссёр ва тасвирчилар билан мулоқот қилиб, тасвирга олиш жараёнининг ўзига хос жиҳатлари, касб сир-асрорлари ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлдилар.
Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ҳамда кўп йиллик тарихга эга “Ватанпарвар” газетаси таҳририяти фаолияти билан танишув ташкил этилди. Соҳа вакиллари, тажрибали ҳарбий журналистлар билан кечган самимий ва очиқ мулоқот ёш ижодкорлар учун ҳақиқий маҳорат сабоғига айланди.

Медиа маҳсулотларнинг яратилиш жараёнини бевосита кузатиш, камералар қаршисидаги ижодий муҳитни ҳис этиш, газетанинг тайёрланиш босқичлари билан танишиш тингловчилар учун катта тажриба мактаби бўлди.
Зеро, ҳақиқий маҳорат фақат назария билан чекланмайди. У изланиш, кузатиш, тажриба алмашиш ва амалиёт орқали сайқал топади. Бу каби учрашувлар эса ёш ижодкорларнинг касбий маҳоратини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш ҳамда уларни янги ижодий изланишларга руҳлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Усмонова, ЎзА