Одил судлов академиясида янги ўқув йили бошланди
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида касбий қайта тайёрлаш курслари ҳамда магистратурага қабул қилинган тингловчилар учун янги ўқув жараёнининг бошланишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир суд-ҳуқуқ соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, судьялик лавозимига номзодларни касбий жиҳатдан шакллантириш ҳамда суд кадрларини тайёрлаш тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Жорий ўқув йилида Академия магистратура дастурига 61 нафар магистрант қабул қилинди. Уларнинг 21 нафари кундузги, 40 нафари эса кечки таълим шаклида таҳсил олади.
Эътиборли жиҳати, кечки таълим шакли бўйича магистратурага қабул Академия тарихида илк бор амалга оширилди. Мазкур таълим шакли суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларга меҳнат фаолиятини давом эттирган ҳолда магистратурада таҳсил олиш имконини беради.
Янги таълим механизми Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар асосида суд кадрларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Айтиб ўтиш керакки, 2026/2027 ўқув йили учун Академиянинг касбий қайта тайёрлаш курсларига фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ихтисосликлари бўйича судьялик лавозимига номзодлардан ҳужжатлар қабул қилинган. Қабул жараёнида жами 849 нафар номзоддан ариза келиб тушган. Шундан 452 нафари жиноят ҳуқуқи, 203 нафари фуқаролик ҳуқуқи, 103 нафари иқтисодий ҳуқуқ ва 91 нафари маъмурий ҳуқуқ йўналишлари бўйича ҳужжат топширган. Жами аризаларнинг 146 таси, яъни 17,2 фоизи хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келган.
Номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги, лаёқатлилиги ва касбга муносиблиги белгиланган тартибда ўрганилиб, 340 нафар номзодга кириш синовларида иштирок этишга рухсат берилган.
Кириш синовлари тўрт босқичда ўтказилиб, номзодлар психологик тест, якка тартибдаги суҳбат, чет тили ва суд ихтисослиги бўйича тест синовлари ҳамда ҳуқуқий мавзудаги иншо топширган.
Синовлар якунига кўра, белгиланган умумий ва қўшимча квоталар асосида 112 нафар номзод касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган.
Тингловчиларнинг 40 нафари жиноят ҳуқуқи, 33 нафари фуқаролик ҳуқуқи, 23 нафари иқтисодий ҳуқуқ ва 16 нафари маъмурий ҳуқуқ ихтисослиги бўйича таҳсил олади.
Касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул учун ажратилган квоталар таркибида умумий, хотин-қизлар учун қўшимча ҳамда ҳудудий квоталар ҳам назарда тутилган.
Тантанали тадбирда Академия раҳбарияти, суд-ҳуқуқ соҳаси вакиллари, ҳамкор ташкилотлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда магистратура ва касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган тингловчилар иштирок этди.
Тадбир давомида янги ўқув йилининг расмий очилиши муносабати билан табрик сўзлари билдирилиб, сўз олганлар тингловчиларга ўқув жараёни ва келгуси фаолиятида муваффақият тилади.
Янги тингловчиларга Академиядаги таълим жараёни, ўқув дастурлари, ўқиш тартиби ҳамда касбий ривожланиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Тадбир доирасида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Академияда самарали ва намунали фаолият юритиб, таълим жараёнини ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда тингловчиларнинг касбий салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган профессор-ўқитувчиларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.
Одил судлов академиясида янги ўқув йилининг бошланиши суд-ҳуқуқ соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълим жараёнини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш ва суд амалиёти билан таълим ўртасидаги узвийликни кучайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА